Эксперт: Ҳусанов ҳозир Роналдудан кучли!
Жаҳон чемпионатининг “К” гуруҳида биринчи турдан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси бир мағлубият билан квартетда сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Фабио Каннаваро шогирдларининг кейинги рақиби Португалия терма жамоаси бўлади.
Ушбу муҳим учрашув олдидан ҳар икки терма жамоанинг энг машҳур ўйинчилари Абдуқодир Ҳусанов ва Криштиану Роналдуни бир бири билан таққослашмоқда. Аслида 23 июнга белгиланган ўйинда улар бевосита бир бирига қарши ўйнайди. Роналду ҳужум уюштиради, Ҳусанов ҳимояланади.
Хўш, айни пайтда ким кучли?
Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидаги муҳим ўйин олдидан қозоғистонлик футбол эксперти Искандер Сергалиев YouTube каналидаги подкастида “Абдуқодир Ҳусанов Португалия термасининг асосий юлдузи Криштиану Роналдуни тўхтата оладими?”, деган саволга жавоб берди.
- Жисмоний томондан қарасак, Абдуқодир Ҳусанов албатта устун. Лекин тўғри позиция танлаш ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Ҳусановнинг яхши паслари яқиндагина пайдо бўлди. Биз унинг “Манчестер Сити”даги дастлабки ўйинларини эслаймиз. “Челси”га қарши баҳсда хатоларга йўл қўйганди.
Аммо шундан кейин у анча ўсди ва Англия Премьер-лигасининг энг яхши ҳимоячиларидан бирига айланди.
Жисмоний имкониятлар нуқтаи назаридан Ҳусанов Португалия термасидаги исталган футболчи билан рақобат қила олади, - деди Искандер Сергалиев.
Португалия ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув 23 июнь куни бўлиб ўтади. Ушбу баҳсга АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги 72220 ўринли “Houston Stadium” аренаси мезбонлик қилади.
Учрашув Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.
Португалия биринчи турда Конго Демократик Республикасини енга олмади. Баҳсда 1:1 ҳисобида кучлар тенг келди. Ўша учрашувда Криштиану Роналду энг бўш ўйнаган футболчилардан бўлди. Whoscored маълумотларига кўра, 41 ёшли юлдуз 90 дақиқа ўйнаган футболчилар орасида тўпга энг кам – 25 маротаба тегинди холос.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, биринчи турда Колумбия футболчиларига 1:3 ҳисобида ютқазди. Бу баҳсда Абдуқодир Ҳусанов ҳам имкониятидан паст даражада ўйнади. 22 ёшли ҳимоячимиз рақибнинг энг хавфли ҳужумчиси Луис Диасга гол ва ассист расмийлаштиришига қаршилик қилолмади.
Энди футбол жамоатчилигини узоқ йиллик фаолияти давомида катта тажрибага тўплаган Криштиану Роналду ва замонавий янги авлод ҳимоячиларидан Абдуқодир Ҳусановнинг ўзаро дуэли қизиқтириб турибди.
Шомуродов бизга гол урган! Яна бир суперклуб Элдор учун курашга қўшилди
Файзуллаев бир гол билан колумбиялик қизлар ёқимтойига айланди
Ўзбекистоннинг мағлубиятдан кейинги иши мексикаликларни ҳайратга солди
Ўзбекистон мана шу футболчилар сабаб ютқазди!

Фикрлар