
"Эл-класико"га ҳакамлар тайинланди!
11 май куни "Барселона"нинг уй майдонида бўлиб ўтадиган Ла Лига 35-тур беллашуви — "Эл-класико"га ҳакам тайинланди. Унга кўра, ушбу учрашувни Алехандро Эрнандес Эрнандес бошқаради. Бу ҳақда "Relevo" нашри хабар берди.
ВАР тизимида эса Хуан Мартинес Мунуэра иш олиб боради.
Эрнандес Эрнандес учун бу тарихдаги бешинчи "Эл-класико" бўлади. Унинг барчаси Ла Лига доирасида ўтказилган.
Сўнгги марта у "Барса" – "Реал" ўйинини 2019 йил декабрида бошқарган ва ўшанда "Камп Ноу"да 0:0 ҳисобида дуранг қайд этилган.
У бошқарган аввалги "класико"ларда қуйидаги натижалар қайд этилган:
2015/16 йилги мавсум — "Реал" 2:1
2016/17 йилги мавсум — "Барса" 3:2
2017/18 йилги мавсум — дуранг 2:2.
Жорий мавсумда Эрнандес Эрнандес сўнгги марта "Барселона" жамоасининг ўйинини Испания кубоги ярим финалида "Атлетико"га қарши баҳсда бошқарган (4:4). 1 март куни эса у "Реал" – "Бетис" учрашувида ҳакамлик қилган. Ўшанда "қироллик клуби" 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган ва Винисиус ҳакамнинг ҳаракатларидан норози бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, бўлажак "Эл-класико" беллашуви 11 май куни соат 19:15 да старт олиши режалаштирилган.
Фикрлар