Элдор Шомуродов "Женоа"да қолиши керакми? Мутахассис қандай фикрда?
Италия А сериясида тўп сураётган ягона ҳамюртимиз – Элдор Шомуродов бугун “Женоа” сафида ўзининг илк дублини қайд этди.
Тўғри, “Аталанта”га қарши беллашувда Баллардини жамоаси 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Биринчи бўлимдан кейин ҳисоб 0:3 эди ва танаффусдан кейин бош мураббий бир қатор ўйинчилар қатори Элдорни ҳам майдонга туширди. Оқибатда ҳамюртимизнинг ўйинга қўшилиши вазиятни ўзгартирди.
Биз учун энг муҳими у иккита гол урди. Гарчи жамоаси мағлубиятга учраган бўлса ҳам иккинчи бўлимдаги ўйин ҳаммага ёқди, дейиш мумкин. Шомуродов эса захирадан майдонга тушиб ўйинни ўзгартира олди.
Айтиш мумкинки, Элдорнинг голлари “Аталанта” устози Гасперинини безовталатиб қўйди. Ҳамюртимиз эса Италия чемпионатида ҳаммаси бўлиб 7 та гол урди. Табиийки, Шомуродов тўғрисида футбол жамоатчилиги ҳам бонг урмоқда. Тажрибали мутахассислардан бири Мухтор Қурбонов Италия А сериясидаги легионеримиз хусусида ўз муносабатини билдирди.
“Женоа” раҳбарлари Шомуродовдан мамнун бўлишса керак”
- Биринчи навбатда, Шомуродовни Италия футболига мослашиб бораётганини айтиш мумкин. У ўз ўйини ва голлари билан нафақат “Женоа”нинг юқори ўринларга кўтариш, балки Ўзбекистон шарафини ҳам муносиб ҳимоя қилган ҳолда юртимизда иқтидорли футболчилар кўплигини бошқаларга намойиш қиляпти, деб ўйлайман. Охирги ўйинлар шуни кўрсатяптики, у янада яхши формага кириб голлар уряпти. Бу ҳаммамизни хурсанд қиляпти. Ўйлайманки, клуб раҳбарлари ҳам Элдордан мамнун бўлса керак. Унинг ўйини ҳақида ҳам Италия матбуотида тез-тез ёзиляпти. Шу тариқа, у олдинга қараб юришда давом этиши лозим. Футболчимиз шу руҳда давом этар экан, кейинчалик италияликлар яна бошқа ўзбекистонлик ўйинчиларимизга назар ташлаб, А серияда ўйинчиларимиз ортиши ҳам мумкин. Элдор орқали футболчиларимиз Италияга йўл олса, бу шубҳасиз, қувонарли ҳолга айланади ва бунга умид қилиб қоламиз. Кўряпсизми, агар Шомуродов у ерда ўзини қанча кўп кўрсатса, бу Ўзбекистон фуболи учун ҳам шунчалик фойдали бўлаверади.
“Ҳеч бўлмаганда яна ярим йил жамоасида қолсин!”
- Шахсий фикрим шундайки, Шомуродов “Женоа”да яна бир муддат қолиши керак. Келаси мавсумда ҳам голларини яна такрорлаб, ўйинини такомиллаштириб, кучлилигини исботлаган ҳолда Италия футболига ҳозиргидан-да яхшироқ мослашса, бу унинг учун фақат фойдалидир. Ҳаммамиз биламиз, Италия жамоалари ҳимояда кучли ўйин кўрсатади. Италия терма жамоаси ҳам олдиндан ҳимоя чизиғининг кучлилиги билан ажралиб турган. Футболчимиз ҳимояси кучли бўлган чемпионатда голлар ура оляпти. Шомуродов ўз клубида қолиб, ўзини янада яхшироқ кўрсатиб, кейин бошқа клубга кетса мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Дабдурустдан уни 5-6 та гол урди деб, юлдуз даражасига олиб чиқиб қўйсак, қаердадир хато бўлиши мумкин. Лекин биз биламизки, Элдор жуда яхши ва одобли йигит. У қандай ният қилган бўлса, ўйлаган мақсадларига эришиб боришини тилайман. Яна қайтараман, у ҳеч бўлмаганда яна ярим йил “Женоа”да қолиши керак. Кўриб турибсиз, Италия футболи, муҳити ва клубига энди мослашяпти. Қолаверса, Италия тилини ҳам ўрганяпти. Шуларни ҳисобга олиб, клубида яна ярим йил қолиб, ўз позициясини мустаҳкамласа ва кейин кучлироқ клубга ўтса, бу фақат фойдалидир. Агар дарҳол клубини ўзгартирса, у бошқа жамоада ўзини кўрсата олмай қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Натижада уни яна кутиш ва мослашишига ҳам вақт керак бўлади. Шунинг учун “Женоа”да кучини исботлаб, ўз сўзини айтганча кейин жамоасини ўзгартирса бошқа жойга киришиб кетиши ҳам осон бўлади.
“Футболчимиз ўз ўйини билан Ўзбекистонни янада танитади”
- У қайси жамоага мос? Футбол ривожланиб кетяпти, бир нарса дейиш қийин. Яхши ўйинчи клубга борса, “йўқ” бўлиб қолиши мумкин. Ёки ўртамиёна футболчи жамоасини ўзгартирса, кучайиб кетиши ҳам мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Шомуродовга омад тилаймиз. Доим ўзининг кучли томонларини кўрсатишини истайман. Барибир мен учун биринчи навбатда Ўзбекистон байроғини баланд кўтариши муҳим. Элдор қаерда бўлишидан қатъи назар, уни ким ва қаерданлиги асосий ўринда бўлади. Футболчимиз ўз ўйини билан Ўзбекистонни янада танитади ва футболимизга бошқаларнинг эътибори ҳам бунинг ортидан кучайиб боради. Юртимиздаги бошқа иқтидорлар эртага нафақат Италияга, балки Германия ёки Англия чемпионатида тўп сурса бу барчамиз ҳам фахрдир. Чунки бизда барибир истеъдодлар бор.
“Машарипов, Ҳамдамов кабилар унинг давомчилари”
- Унинг ўринбосарлари? Ҳозирча менинг наздимда кимнидир айтишим қийин. Аммо Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов ва яна бошқа ёшларимиз бор. Фақат улар бир жойда тўхтаб қолмасдан ўсишда давом этишлари шарт. Европада ўйинчиларимиз ортиб борса, ёшлар уларга қараб интилади. Агар Европада футболчиларимизнинг тўп суриши бардавом бўлса, терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқиши ҳам тезлашади, деб ўйлайман.
Фикрлар