Элвин Фортес: «Мақсадимга эриша олмадим, аммо…»

Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионати доирасидаги АГМК ва «Пахтакор» баҳсидан сўнг, «кончилар» вингери Элвин Фортес сайтимиз учун интервью берди. Ушбу суҳбатда, футболчи ўйин ва келажакдаги режалари борасида фикр билдирди.

-  Ўзбекистоннинг амалдаги чемпионига қарши ўйин ҳақидаги фикрларингиз?

-  Тўғриси жуда ҳам қийин ўйин бўлди. Учрашув умуман ўзгача якунлашини мумкин эди. Жамоамизда гол киритиш учун бир нечта имкониятлар бўлди, аммо улардан фойдалана олмаганимиз учун ҳаммаси бошқа томонга бурилиб кетди. Рақиб биринчи бўлиб ҳисобни очгач, иккинчи таймда тўлиқ ўйин услубини ўзгартирди. «Пахтакор» бор эътиборини тўп назоратига қаратди. Биз биринчи бўлимдаги хатоларимиз сабабли ўйинни бой бердик, деб ҳисоблайман. Бугунги матчдан тўғри хулоса чиқарамиз ва кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз.

-  Ўйиндан олдин Миржалол Қосимов футболчиларга қандай кўрсатмалар берган эди? Асосий урғу нимага қаратилиши лозим эди?

-  Биз қарши ҳужумларда тўп суришга ва имкон бўлганда позицион ҳужумга ўтишни режа қилган эдик. Шу боис, ўйиннинг илк дақиқаларида асосан қанотлар орқали ҳужум уюштиришга уриндик. Иккита гол ўтказиб юборгач, режамиз барбод бўлди.

-  Ўзингиз кўрсатган футболдан кўнглингиз тўлдими?

-  Шахсан мен ҳар ўйин олдидан ўз олдимга гол киритиш ва ассистни амалга оширишни мақсад қилиб қўяман. Бугун фойдали ҳаракат қилишни уддалай олмадим, аммо шу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Ўйин ўз якунига етди. Шундай экан, энди бор эътиборимни кейинги ўйинга қаратишим керак.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)