"Энди эркин агентга айландим" - совринларни ютган легионеримиз клубидан кетди

Бир неча мавсум мобайнида Бангладеш чемпионатининг биринчи рақамли клубида тўп сурган ҳамюртимиз Асрор Ғофуров у ерда қатор совринларни қўлга киритди. Эсда қоларли ёқимли онлари кўп бўлди. Эндиликда ҳамюртимиз фаолиятини бошқа жамоада давом эттиради. Боиси, Асрор “Башухандра Кингс” клубини тарк этди.

- Асрор, эшитишимча, Бангладеш клубини тарк этибсиз. У ерда тўп суришдан чарчадингизми ёки бошқа сабаби борми?

- Ҳа, “Башухандра Кингс” клубини тарк этдим. Бангладешда анча вақт тўп сурдим. Озгина чарчадим, десам ҳам бўлади.

- Олдингизда қандай таклифлар бор? Юртимизга қайтасизми ёки яна четда тўп сурмоқчимисиз?

- Энди эркин агентга айландим. Таклифлар бор, ўзимиздан ҳам, бошқа мамлакатлардан ҳам. Албатта, ўйлаб бир қарорга келаман.

- Бангладешдаги фаолиятингиз мобайнида сизга ёққан ва ёқмаган нарса нима бўлди?

- Бангладеш чемпионатидаги 3 йиллик фаолиятимда 2 бор мамлакат чемпиони, 2 марта мустақиллик Кубоги ва 1 марта федерация Кубоги соҳибига айландим. Ёққан жиҳатлари кўп бўлди. Ёқмаган томонларига келсак, у ердаги об-ҳаво: ҳар доим иссиқ ва ёмғир эди.

- Суперлигамизни кузатаётгандирсиз. Бу йилги даража ва сифатга нима деган бўлардингиз ва кўпроқ қайси клублар ёқяпти

- Айнан бир клубни алоҳида кўрсатишим қийин. Ҳамма жамоалар курашишяпти ва интригани яратишяпти.

- Бангладешнинг энг кучли клубида ўйнадингиз ва ҳар йили совринлар ютдингиз. Кубокларни қўлга киритишга ўрганиб қолмадингизми? Балки кейинги клубингизни танлашдаяна совринлар ютадиган жамоага эътибор қаратаётгандирсиз...

- Бу – футбол. Тўғри, чемпионлик ва Кубокларни ютиш жуда ёқимли. Лекин ҳар доим ҳам чемпион жамоада ўйнайвермайсиз. Буларнинг барчаси тақдир.

- Сир бўлмаса айнан кайси мамлакатлардан таклифлар бўляпти?

- Таклифлар бор. Ўзбекистон, Индонезия, Таиланд ва Бангладеш клубларидан қизиқишлар бўляпти. Ўзим учун маъқул жамоани танлайман.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!