"Энди жаҳон спорт майдонларида "ҳалол", "ғирром", "чала", "ёнбош" деган сўзлар жаранглаб ўзбек номини, Ўзбекистон номини дунёга тараннум этади"

  2017 йил жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича ҳам катта ишлар қилинди. Юртимиз ёшларининг спорт соҳасидаги ютуқлари барчамизни қувонтирмоқда. Жаҳон ва қитъа миқёсида янги-янги чемпионлар, шахмат бўйича Халқаро гроссмейстерлар етишиб чиқмоқда.

  Якунига етиб бораётган йилда ўзбекистонлик спортчилар бокс, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика, эркин кураш, самбо бўйича ўтказилган турли халқаро мусобақаларда салмоқли ютуқларга эришдилар. 2017 йил айниқса ўзбек миллий кураши тарихида ёрқин саҳифа бўлди. Сентябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгаши Бош ассамблеяси йиғилишида ушбу миллий спорт турини Осиё ўйинлари дастурига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди. Яъни 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтадиган 18-Осиё ўйинларида қитъамиз спортчилари ўзбек миллий кураши бўйича ҳам ўзаро беллашадилар. Энди жаҳон спорт майдонларида "ҳалол", "ғирром", "чала", "ёнбош" деган сўзлар жаранглаб ўзбек номини, Ўзбекистон номини дунёга тараннум этади.

  Айни вақтда биз Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг фаолиятини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқдамиз. Бўлғуси халқаро олимпиада ўйинлари ва бошқа нуфули мусобақаларга тайёргарлик ишлари энди бутунлай янгича асосда йўлга қўйилади.

  Бугун мана шу юксак минбардан туриб, барча спортчи ёшларимизга, уларнинг устоз ва мураббийларига миллий спортимизни ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун катта миннатдорчилик билдириб,  янги зафарлар тилашга рухсат бергайсиз.

(Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!