Энди улар керакмас! “Реал” кутилмаганда икки устунидан воз кечди
“Реал” келаси мавсум олдидан жамоа таркибда жиддий ўзгаришлар қилишни режалаштирмоқда. Бир неча машҳур ўйинчиларга жавоб берилади, уларнинг ўрнини истеъдодли ёшлар эгаллайди.
Испания матбуотининг ёзишича, “Қироллик клуби” икки етакчи ҳимоячи – Эдер Милитао ва Давид Алаба билан хайрлашишга тайёр. Ёзда бу ўйинчилар бўйича ҳар қандай таклиф кўриб чиқилади.
26 ёшли Эдер Милитао 2019 йилдан бери Мадридда ўйнамоқда. Шу пайтга қадар ишончни оқлаб келган бразиялик ҳимоячи тиззасидан қайта-қайта жароҳат олгани унинг келажагига таъсир ўтказяпти. Милитао шу кунга қадар 172 та расмий учрашув ўтказиб, 12 та гол ва олтита ассист қайд этган.
32 ёшли Давид Алаба 2021 йили “Реал”га келгунга қадар “Бавария”нинг энг зўр ҳимоячиси бўлган. Испан гранди сафида 100 дан ортиқ ўйин ўтказган футболчи бешта гол ва тўққизта ассист муаллифи ҳисобланади.
Лекин оғир жароҳатга йўлиққани унинг мадридликлар сафида яна самарали ўйнаш имкониятини пасайтириб юборгани айтилмоқда.
Фикрлар