Енгилмас яккакурашчимиз Элёржон Нармурзаев 24 ноябрь куни ринга чиқади
Ads

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Россиянинг Магас шаҳрида аралаш яккакурашлар (ММА) бўйича M-1 Challenge 86 халқаро турнири бўлиб ўтади.

Ушбу жанглар кечасининг асосий қарама-қаршилиги турнирнинг ярим енгил вазн тоифасида Хамхат Далгиев (9-1) ва M-1 Challenge амалдаги чемпионлик камари соҳиби Иван Бухингер (32-5) ўртасида кечади.

Бундан ташқари шоуда яна 11 та жанг ўтказилиши режалаштирилган. Шулардан бирида қўл жанги ва жанговар самбо бўйича Ўзбекистон чемпиони, кикбоксинг бўйича жаҳон чемпионати ғолиби ўзбекистонлик Элёржон Нармурзаев (4-0) ҳам иштирок этади. -77,1 кг вазн тоифасида кечадиган тўқнашувда унга россиялик Александр Бутенко рақиблик қилади.

Элёржон Нармурзаев аралаш яккакураш жанглари қоидаси бўйича ўтказилган 4 профессионал жангда қатнашиб, барчасини муддатидан олдин якунлаган.

Маълумот учун: M-1 Challenge — M-1 Global томонидан ташкил қилинган аралаш яккакурашлар (ММА) бўйича турнирлар серияси. У дастлаб 2008 йили “жамоавий жаҳон чемпионати” сифатида ташкил қилинган. Ўшанда иштирокчи жамоалар саралаш гуруҳларига бўлиниб, айлана тарзда ўзаро тўқнаш келишган ва гуруҳдаги ғолиблар плей-оффда аниқланган. 2010 йилдан бошлаб, серия формати чемпионлик титули учун курашда яккама-якка рақибликка ўзгартирилган.

Минбар

Барча блоглар