Эргаш Исмаилов: "Бунёдкор"дан "Бухоро"га қайтганимдан афсусланмайман

Маълумки Суперлига 3-тур доирасида «Бухоро» «Сўғдиёна» жамоасини ўз уйида қабул қилди ва йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Шундан сўнг «Бухоро» жамоасига мураббийлар штаби томонидан қисқа таътил берилди. Шу орада биз «Бухоро» жамоаси ёш иқтидорли ҳимоячиси Эргаш Исмаиловни суҳбатга чорладик. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Эргаш аввало сизга савол билан мурожаат қилишдан олдин сизни диёримизнинг ажойиб айёми кириб келган Наврўзи олам билан сизни ва барча яқинларингиз ҳамда оила аъзоларингизни чин қалбдан табриклаймиз!

- Раҳмат. Мен ҳам шу фурсатдан фойдаланиб барча Ўзбекистон аҳлини, сизларни Наврўз байрами билан чин кўнглимдан табриклайман. Ҳаммаларини оилаларига тинчлик осойишталик, кулги, табассум тилаб уларни баҳорий кайфият ҳеч қачон тарк этмасин дейман.

«Нефтчи» жамоаси билан бўлган назорат учрашуви чоғида рақиб жамоа вакили билан тўқнашиб кетиб бир неча дақиқа ўзингизга келолмадингиз. Шундан сўнг ўйинларда қатнаша олмадингиз. Ҳозирда ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?

- Тўғри, шу ҳодисани эсласам ҳалигача юрагим орқага тортиб кетади. Худога ёққан тарафим бор эканми билмадим, бир неча дақиқалардан сўнг ўзимга келдим. Унгача нималар бўлганини ўзим ҳам билмайман (кулиб). Ўзимга келсам ҳамма атрофимда, ўзимга ноқулай бўлиб кетди. Кейин тезда шифохонага олиб боришди. У ерда шифокорлар назоратида бўлдим ва улар менга бутунлай тузалиб кетмагунимча бир нечта ўйинларни ўтказиб юбориб, яхшигина дам олиб керакли куч йиғиб олишимни қаттиқ тайинлашди. Шу боис бир ойдан бери учрашувларда иштирок эта ололмадим. Биласизми, ҳар бир футболчи бир ой машғулотлар билан шуғулланмай қўйса, бу жисмоний ҳолатига, албатта, таъсир ўтказмай қўймайди. Бу вақт ичида жамоадошларим ва мураббийларим қўллаб-қувватлаб туришди. Бунинг учун уларга алоҳида раҳмат айтаман. Хуллас, мана кўриб турганингиздек хавф – хатарлар ортда қолди. Лекин асосий таркибга чиқишдан олдин ўринбосарлар жамоасида ўзимни синаб кўришни хоҳладим. Чунки ҳали тайёр эмас эдим. «Бухоро» - «Сўғдиёна» учрашувидан бир кун олдин ўринбосарлар таркибида майдонга тушдим ва гол уришга эришдим. Шундан сўнг асосий таркиб учун ҳам ҳозирги ҳолатим максимал даражада эканлигини билиб олдим ва майдонга тушдим. Кузатган бўлсангиз 3 голни киритиш менга насиб қилди. Бундан ўзим ҳам хурсандман.

«Сўғдиёна» билан учрашувда захирадан майдонга тушишингиз аввалдан маълум эдими?

- Йўқ, аввалдан маълум эмас эди. Мураббийларим менга ишониб майдонга туширганларидан жуда хурсанд бўлдим. Билдирилган ишончларини оқлашга астойдил ҳаракат қилдим ва буни уддалай олдим, деб ўйлайман. Уларни менга бўлган ишончлари учун ҳам катта раҳмат.

Сиз «Бунёдкор»да қолишни истагандингизми ёки «Бухоро»га қайтишни?

- «Бунёдкор»да қишки машғулотларни ўтказдим. Лекин «Бухоро»дан таклиф тушди. Ўтган мавсумда ҳам «Бухоро» жамоасида фаолият олиб борганман. Менга ишониб қайта таклиф билан чиқишгани учун тўғриси хурсанд бўлдим. Бухорога анча ўрганиб қолибман. Қайтганимдан мамнунман ва афсусланмайман.

«Бухоро» нечанчи ўринга мос ҳаракат қиляпти?

- Бу футбол. Бунда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бу мавсумда жамоамизга жуда ҳам тажрибали футболчилар жамланган. Ишонаманки, насиб қилса бу йил юқори ўринларни банд қиламиз.

"Бухоро"да қанот ярим ҳимоячиларига рақобат катта. Бунга қандай қарайсиз?

- Албатта, бу йил рақобат «Бухоро»да жуда кучли. Нафақат қанот футболчиларида, балки бошқа амплуаларда ҳам рақобат кучли. Мен рақобатдан қўрқмайман ва ўзимга ишонаман. Мен учун рақобат бўлгани яхши. Чунки, рақобат бор жойда ўсиш бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!