
"Андижон" мураббийи: "Бош мураббийнинг йўқлиги қийинчилик туғдирди"
“Андижон” – “Нефтчи” (0:2) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида мезбонларнинг вақтинча бош мураббийи Артём Петросян журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Албатта, мухлислар ғалаба кутишганди. Афсуски, уларни ғалаба билан қувонтира олмадик. Биз бугун ўта жиддий, ташкилий томондан пухта жамоа билан беллашдик. Баҳс чоғида 1-ва 2-зоналардан ўтган бўлсак ҳам 3-ва 4-зоналарда муаммоларга дуч келдик. Бахтга қарши голга тортадиган хавфли вазиятларни юзага келтиришимизга рақиб имкон бермади. Боз устига рақибларга ўтиш фазаларида қаршилик қила олмадик. Шунинг эвазига улар голлар уриб кетишди. Рақибни ғалаба билан табриклайман.
- Бош мураббийсиз жамоага қийин бўляптими?
- Албатта, руҳий томондан қийин бўляпти. Айниқса, кетма-кет беш мағлубиятдан сўнг аҳвол янада ёмонлашди. Кетма-кет мағлубиятлар ва бош мураббийнинг йўқлиги бизга қийинчилик туғдирди. Йигитларни тетиклаштириш, уларни руҳий ўрадан олиб чиқиб кетиш ўта қийин масалага айланган. Тўғри, ўйиндан олдин тетиклаштиришга ҳаракат қилдик. Афтидан, бу етарли бўлмаган кўринади. Назаримда, бунинг учун бизга вақт етарли бўлмади. Нега деганда, ҳар 3-4 кунда ўйин ўтказишимизга тўғри келяпти. Бундай режимда етарли вақт бўлмайди. Мағлубият кетидан мағлубиятлар сабаб руҳий томондан жудаям қийин аҳвол юзага келган.
- Бугунги учрашувда майдон маркази бой берилди. Шунга муносабатингиз?
- Эҳтимол, “Нефтчи”нинг ўйинчилари айни дамда бизникилардан кучли бўлгани учун ҳам бой берган бўлишимиз мумкин. Тўп йўқотилгандан кейин ўйинга уланиш деган нарса бор. Бугунги баҳсда бизга айнан шу нарса етишмади. “Нефтчи”нинг майдон марказидаги ўйинчилари эса бу борада бизникилардан яхши ҳаракат қилишди. Айнан шу вазиятларда ютқазиб қўйдик. Биз хавфли вазиятларни юзага келтиришда ҳам оқсадик. “Нефтчи” эса учта уринишидан иккитасини голга айлантира олди. Фарқ мана шунда.
- Олег Зотеевнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Биринчи гол Олег Зотеевнинг чизиғидан эмасди. У боши билан тўпга ўйнади. Биз иккинчи қаторда ютқаздик. Кейин ўнг тарафимиздаги ҳимоячимиз диққатини йўқотиб қўйди ва Сайфиев гол уриб кетди. Иккинчи голда эса бизникилар бирга-бир вазиятда ютқазишди. Қандай баҳо бериш мумкин? Хатоларга йўл қўймайдиган футболчининг ўзи йўқ. Зотеев ўз ишига профессионал тарзда ёндашяпти. Жамоадаги ҳамма жуда мамнун. Машғулотларда фаол қатнашиб, асосий таркиб ўйинчиси эканлигини исботлаяпти.
- Яққол ҳужумчи Рустам Турдимуродов ўрнига ярим ҳимоячи Усмонали Исмоналиев майдонга тушди. Кейинчалик эса ҳужумчи Ислам Машуков ўйинга қўшилди. Бу сизнинг тактик қарашингизмиди?
- Бу ва банк. Усмонали учун ҳужумда ўйнаши янгилик эмас. Олдин ҳам тўп сурган. “Бунёдкор”да ҳам ҳужумда ўйнаган пайтлари бўлган. Олдида чаққонроқ футболчи керак эди. Шунинг учун уни майдонга туширдик.
Фикрлар