Эркинбой Кутибаев: "Мухлислар Владимир Кличкога мени ўлдиришини айтишди, лекин жангда мен ютдим"

Ўзбекистон муайтай оламининг ёрқин намояндаси 5 карра жаҳон чемпиони Эркинбой Қутибаев ҳозирда мураббийлик билан шуғулланмоқда. "Легенда" рукнига биз ушбу фаҳрий чемпионимизни таклиф этдик ва қизиқарли суҳбат қурдик. Қуйида, унинг суҳбатидан баъзи фикрларни эътиборингизга ҳавола этамиз!

- Сиз Владимир Кличко билан жанг қилган экансиз?

- Ҳа, Украинада ўқиб юрганимда Киев шаҳри чемпионатини ютганман. Шунда украиналик мураббийлар мени ўрнимга Владимир Кличкони Киев шаҳридан чиқаришмоқчи бўлган. Мени эса Киев вилоятидан... Тўғриси, тушунмаганман. Балки шаҳардан чиқса қандайдир имтиёлари бор бўлган бўлса керакда. Кейин менга шуни таклиф қилишган. Мен рози бўлмаганман. Киев шаҳрини мен ютдимми, мен чиқаман деганман. Шунда улар унда спарринг қиласизлар, ким ютса, ўша шаҳардан чиқди, деди. Бўпти дедим. Кун белгиланди, борсак худди битта мусобақага тўплангандек одамлар жуда кўп. Мени кўриб, шу Вова билан урушадими дейишди. Чунки, мен ориқ 90 кгга етар-етмас эдим. Рингга чиқдик. 1-раунддан у хужумга ўтди. Мен қарши хужумда тута бошладим. Биринчи раундда ҳамма Вова Вова деб бақиришни бошлашди. Уни ўлдир дея ҳайқиришди. 2-раундда фақат мураббийи ва акаси Виталий Кличко қолди холос, ҳамма жим бўлиб қолди. 3-раундда битта Виталий, Вова ишлаш керак дерди холос. Хуллас, унга имкон бермадим ва ғалаба қозондим. 

- Украина чемпионатида ҳам у билан тўқнаш келганмисиз?
- Йўқ. Иккимизни икки томонга ташлашган экан. Мен иккита рақибимни нокаут билан ютиб чиқдим. 3-жангимда харковлик бола билан тушдим. Бўйлари паст, бақалоқ бола эди. Шунчаки уни битта зарбаси тегиб кетди. Таъсир ҳам қилгани йўқ ўзи аслида. Рефери жангни тўхтатиб, ҳисобни очиб, нокаут ҳисоблаб юборди. Мен унга эй, ҳеч нарса бўлгани йўқку, деб тортишдим. Фойдаси бўлмади. Чунки биз оддий четдан келган талаба эдик. Бу ишни қилишларига сабаб, кейинги жанг Кличко билан бўлиши керак эди. Владимир уни 1-раундда нокаутга учратди ва чемпионга айланди. Мени Кличко учун чопишганди. 

Тўлиқ интервьюни ушбу ҳавола орқали кўришингиз мумкин https://youtu.be/z3E27CQQKUs?si=qyV5O3F0OxcVppFQ

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!