"Эрон билан ўйин бизга умид бағишлади, ҳар доим Ўзбекистонни мундиалда иштирок этишига ишониб келганман" - қирғизистонлик таниқли мутахассис билан суҳбат
Ҳозирги кунда барча диққат ва эътибор Қирғизистон – Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашувга қаратилган. Шу мақсадда Sports.uz сайти орқали ҳам мазкур беллашувга доир муҳим янгиликлар ва қайноқ суҳбатлар ҳукмингизга ҳавола қилиб бориляпти.
Қирғизистон U20 терма жамоаси ҳамда “Илбирс” клуби бош мураббийи сифатида ишлаб келаётган 38 ёшли ўз мамлакатининг таниқли мутахассиси Мирлан Эшенов эртанги ўйин олдидан Sports.uz сайтига интервью берди.
- Қирғизистоннинг Эронга қарши ўйини сизда қандай таассурот қолдирди?
- Эронга қарши ўйинимиз ҳарқалай яхши чиқди, агар ютқазганимизни ҳисобга олмаганда. Статистик томондан ҳам хавфли вазиятлар борасидаги кўрсаткичимиз Эрондан жуда қолишмаганини кўриш мумкин. Гол уриш учун биз ҳам қулай имкониятга эга бўлдик. Ҳа, биз Осиёдаги энг хавфли ва топ мақомда эътироф қилинадиган рақибга қарши курашдик. Аммо бу баҳс ўз навбатида бизга ривожланиш ва ўсиш йўлидаги ишларимизда қўл келади, деб ўйлайман.
- 10 сентябрь санасида бўладиган муҳим учрашувга Қирғизистонда тайёргарлик қандай?
- Шунингдек, мен Ўзбекистонни гуруҳимиздаги етакчилардан бири, деб кўрсата оламан. Терма жамоа таркибида иқтидорли футболчиларингиз талайгина. Лекин бу - футбол ва исталган сюрпризлар тақдим этадиган ўйиндир. Ўз навбатида биз ҳам ўткир қарши ҳужумлар намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Бу ҳам тактиканинг бир қисми. Эронга қарши учрашувда футболчиларимиз жисмоний жиҳатдан тайёргарлиги ёмон эмаслигини кўрсата олдилар. Ўйлайманки, улар ўзларига келиб олганлар. Энг муҳими, биз ўз уйимизда тўп сурамиз ва бу ҳол кучимизга куч қўшади.
- Қирғизистон термаси ва унинг мухлислари учун “ЖЧ-2026” учинчи саралаш босқичига йўл олгани муҳим воқеликдир. Улар энди терма жамоадан нима кутишмоқда?
- Охирги пайтларда юртимизда ҳам футбол анча жадаллик билан ривожланиб боряпти. Бир йил ичида ўнлаб стадионлар қурилгани ва таъмирлангани ҳам буни тасдиғидир. Яна шуни айтиш керакки, ишга хорижлик мутахассисларни жалб этмоқдамиз. Бу эса ўз ўрнида футболимизнинг ривожлантиришга катта ёрдам бермоқда. Боя айтганимдек, Эрон билан бўлиб ўтган баҳс бизга умид бағишлади ва “ЖЧ-2026” йўлида каттароқ натижаларни қайд эта олишимиз мумкинлиги йўлида умид қилишга имкон қолдиряпти.
- Бугунги кунда Қирғизистон терма жамоасидаги энг хавфли футболчи ким?
- Мен учун энг кучли ўйинчи - бу бутун жамоа, деб кўрсатган бўлардим. Яна Эрон билан бўлиб ўтган баҳсни эслашимга тўғри келади. Биз шу куни ҳимояда ҳам анча ишончли кўриндик ва кескин қарши ҳужумлар намойиш қилдик. Бунинг оқибатида беллашув охирига келиб эронликлар тўпни назорати остида сақлаш ва вақтни чўзишга ҳаракат қила бошладилар.
- Ўзбекистонни бу сафар ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқишига қанчалик ишоняпсиз?
- Мен учун Ўзбекистон футбол эталони ҳисобланади. Терма жамоангизнинг ЖЧ финал босқичида иштирок эта олишига доим ишониб келганман. Сизларда иқтидорли футболчилар кўп ва бу сафар ҳаммаси ўхшайди, деб ўйлайман. Худди жорий ёзда олимпия термангизни Париждаги Олимпиадада кўрганимиздек, миллий терма жамоани “ЖЧ-2026”да кўришдан умид қилиб қоламиз. Омад ёр бўлсин!
- Умуман олганда, терма жамоамизнинг ўйинини кузатиб боряпсизми? Сизнинг севимли футболчингиз ким?
- Албатта, биз нафақат мутахассислар, балки оддий ишқибозлар сифатида ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасини кузатиб келамиз. Айниқса, бизга ўйинчиларингизнинг техник салоҳияти ёқади. Улар ўзларини тўп билан ва тўпсиз қолганларида ҳам қандай тутиш кераклигини билишади. Шерзод Насруллаев, Фарруҳ Сайфиев, Рустам Ашурматов, Абдуқодир Ҳусанов, Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев, Жалолиддин Машарипов кабиларни айтишим мумкин.
- 10 сентябрь куни қандай натижа кутяпсиз?
- Ишқибоз сифатида 1:1 ҳисобидан умид қилиб қоламан. Бироқ мутахассис сифатида ғалабадан умидворман. Чунки умид ва ишонч бор!
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар