Эрон бош мураббийи: "Вьетнамга қарши баҳс Австралия билан солиштирганда қийинроқ бўлди"
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги гуруҳ босқич 3-туридан ўрин олган Вьетнам - Эрон учрашувида форслар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида форслар бош мураббийи Абдулсамад Марфави иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Оғир баҳс бўлди. Вьетнам тактик ва ақлий томонлама кучли жамоа эди. Бироқ бизга 3 очко керак эди. Шу сабаб бор эътиборимизни ғалаба қозонишга қаратдик ва керакли натижани қўлга киритдик.
Ўйин олдидан бизда жуда қийин вазият эди. Фақат ғалаба қониқтирарди ва бу етарлича босим юклаши табиий эди. Вьетнамнинг даражасини тўғри баҳолаб, шунга монанд ҳаракат қилдик. Ўйлашимча, биз учрашувда устунлик қилдик. Вьетнамни ҳам ажойиб иштирок билан қутлайман. Улар кейинги босқичга чиқа олмаганига қарамай, кучли эканини намойиш эта олди.
Биз учун кейинги босқичдаги рақибнинг аҳамияти йўқ. Бу мусобақада ҳар бир терма етарлича салоҳиятга эга. Кейинги босқичда ҳам режаларимиз иш беради, деб ўйлайман ва яна бир бор муваффақият қозонишимизга ишонаман.
Вьетнамга қарши баҳс Австралия билан солиштирганда қийинроқ бўлди. Сабаби, биз ютқазишга ҳаққимиз йўқ эди. Вьетнам жуда яхши шаклланган, ҳар қандай жамоага қийинчилик туғдирадиган терма эди", - деди мутахассис.
Фикрлар