Эрон нашри Машариповнинг кечаги учрашувдаҳи ҳаракатларини баҳолади
Кеча Ўзбекистон терма жамоаси "ЖЧ-2026" саралашидан ўрин олган БААга қарши баҳсда 1:0 ҳисобида зафар қучди. Мазкур ғалабадан сўнг термамиз ҳисобидаги очколар сони 10 тага етди ва ҳамюртларимиз "А" гуруҳида Эрон билан бир хил 10 очко тўплаган ҳолда, рақиблардан ўзиб кетган (Энг яқин таъқибчилар БАА ва Қатар ҳисобида 4 очко бор).
Форсларнинг "Varzesh.ze" нашри "оқ бўрилар" етакчиларидан бири бўлган, шунингдек, Эроннинг "Истиқлол" клуби шарафини ҳимоя қилувчи Жалолиддин Машарипов ҳақида илиқ фикрлар ёзди:
"Истиқлол" ярим ҳимоячиси бугун (кеча) оқшом Ўзбекистон терма жамоаси сафида порлади. Мазкур ғалабада Жалолиддиннинг таъсири яққол билинди. Гарчи у гол ура олмаган бўлса-да, кўплаб вазиятлар яратди. Биринчи таймдаги кам сонли хавфли ҳужумлардан бири ҳам айнан Машарипов томонидан яратилди. У тўпни эгаллаб олиб, рақиб жарима майдончасига кирмай зарба йўллади. Бироқ ушбу зарба дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.
Ўзбекистоннинг хавфли ҳужумлари кўпайган иккинчи бўлимда футболчи ўзини кўрсатиш учун яна ҳам кўп имкониятларга эга бўлди. Жумладан, 58-дақиқада у тўпни эгаллаб олиб, Азизбек Турғунбоевга етказди. Азизбекнинг зарбасига эса бироз аниқлик етишмади.
Беллашувнинг 68-дақиқасида Жалолиддин Машарипов чап қанотдан (зарба бериш учун бироз ноқулай позиция - SPORTS.uz версияси) чиройли зарба йўллади. Бироқ Ҳолид Эйсанинг муштлари голга тўсқинлик қилди. Ҳужум иккинчи темп билан давом этаётган бир паллада "Истиқлол" футболчиси яна зарба бериш имкониятига эга бўлди, аммо бу сафаргиси у қадар хавфли чиқмади.
73-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон пенальти тепиш имкониятига эга бўлди. Дастлаб тўп ёнида Машарипов келди. Аммо у тўпни Шукуровга қолдирди", - дейилади форс нашри томонидан тайёрланган мақолада.
Қайд этиш лозим, кечаги беллашувда Жалолиддин Машарипов 7.7 баллга лойиқ кўрилди. У узатмаларда 86 фоиз аниқлик (жами 56/65) намойиш этди. Шунингдек, Жалолиддин томонидан амалга оширилган 3 та "long ball" ўз нишонига аниқ борди.
Фикрлар