Эрон нечта ўйиндан буён Ўзбекистонни мағлуб эта олмаяпти?
Хабарингиз бор, “Al Ain International Cup” финалида Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Ҳозирга қадар вакилларимиз Эрон билан кетма-кет 5 та ўйинда мағлуб бўлмаган.
Эрон терма жамоаси 2015 йилдаги ўртоқлик учрашувидан бошлаб Ўзбекистон устидан кетма-кет 7 та ғалабадан иборат серия қайд этганди. Бироқ бу муваффақият 2022 йилги ЖЧ саралаши доирасидаги илк учрашувда 2:2 ҳисобида дуранг билан тўхтади.
Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Эрон ва Ўзбекистон тўрт марта ўзаро тўқнаш келди ва барча баҳслар дуранг билан якунланди. Бу натижа Эронга бир жамоага қарши расмий ўйинлардаги энг узун дуранглар сериясини тақдим этди. ЖЧ саралаши якунланганидан сўнг, томонлар CAFA турнири финалида яна рўбаро келишди.
Унда "оқ бўрилар" қўшимча дақиқаларда киритилган гол эвазига ғалаба қозониб, 11 та учрашувдан иборат ғалабасиз серияни ниҳоясига етказди.
Ҳозирги кунда "Форс шаҳзодалари" Ўзбекистонга қарши 5 ўйиндир ғалаба қозона олмаяпти. Тарихда улар фақат бир марта бундан узун серияни қайд этган. Агар Фабио Каннаваро шогирдлари бугунги финалда ҳам ғалаба қозона олмаса, Ўзбекистон Эрон учун энг кўп ғалабасиз учрашув қайд этилган жамоалар рўйхатида иккинчи ўринга кўтарилади.
Эрон терма жамоасининг тарихдаги энг узоқ ғалабасиз серияси Туркияга қарши учрашувларда кузатилган — 9 ўйин (4 та дуранг, 5 та мағлубият). Бу кўрсаткич бўйича Туркия биринчи ўринда туради.
Туркиядан кейин Эрон уч жамоага қарши 5 ўйиндан иборат ғалабасиз серия қайд этган. Улардан бири — Ўзбекистон, қолганлари эса Туркманистон ва Қатар.
Маълумот учун, бугунги беллашув соат 21:00'да старт олади.



Фикрлар