Эрон ўйинлари АҚШда қолади: Мексика ЖЧ-2026 баҳслари кўчирилмаслигини тасдиқлади

Мексика президенти Клаудия Шейнбаум Эрон миллий жамоасининг ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидаги учрашувлари АҚШдан Мексикага кўчирилмаслигини тасдиқлади.

Унинг таъкидлашича, ФИФА якуний қарор сифатида ўйинларни дастлаб белгиланган манзилларда қолдиришни маъқул кўрган.

"ФИФА охир-оқибат учрашувлар ўзининг илк белгиланган жойларидан кўчирилмаслигига қарор қилди. Бундай қадам ташкилотдан жуда катта логистик саъй-ҳаракатларни талаб қилар эди", — деди Шейнбаум.

Бундан аввал ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам Эрон терма жамоаси чемпионатда иштирок этишини тасдиқлаган эди.

"Эрон Жаҳон чемпионатида қатнашади. Учрашувлар режалаштирилган жойларда ўтказилади. Мен бундан хурсандман", — деган эди Инфантино.

Март ойида Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож жамоа ўйинларини Мексикага кўчириш масаласи ФИФА билан муҳокама қилинаётганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, бўлажак мундиал 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!