Эрондаги президент кубогидан хушхабар. Гулжаной яна биринчи!
Бугун Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида пара таэквондо бўйича Осиё таэквондо федерацияси президенти кубоги бошланди.
Эътиборлиси, аёллар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этган икки ҳамюртимиз – Зиёда Исоқова ҳамда Гулжаной Наимова олтин медални қўлга киритди.
-47 кг ваз тоифасида баҳсларда қатнашган Зиёда Исоқова ярим финалда ҳам, финалда ҳам мезбон Эрон терма жамоаси аъзосини мағлубиятга учратди ва ғолиблик қўлга киритди.
Токио-2020 Паралимпия ўйинлари чемпиони Гулжаной Наимова эса +65 кг вазн тоифасида дунёда тенгсиз эканлигини яна бир бор исботлади. Истеъдодли спортчимиз ярим финалда эронлик, финалда эса сербиялик пара таэквондочига қарши даянга чиқди ва олтин медалга сазовор бўлди.
Яна бир эътиборли жиҳати, Гулжаной Наимова мусобақанинг энг яхши аёл спортчиси номига муносиб кўрилган бўлса, терма жамоамиз тренери Бобур Қўзиев мусобақанинг энг яхши тренери деб топилди.
Шу тариқа аёллар ўртасидаги баҳсларда терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади ва махсус кубок билан тақдирланди.
Фикрлар