Эронлик футболчилар ўз терма жамоасини "ЖЧ-2022"дан четлатишни сўрамоқда. Келишмовчилик авжида
Эронда аёлларга нисбатан бўлаётган муносабат туфайли норозиликлар тўхтамаяпти. Терма жамоанинг кўплаб футболчилари, жумладан, Сардор Азмун ҳам мазкур норозиликларни қўллаб-қувватламоқда. Бир неча ой аввал фақатгина инстаграмда постлар билан чекланаётган футболчилар эндиликда FIFA'га ариза қилишгача борди.
"Мен қандай қилиб Азмун тинч яшаши, овқатланиши ва ухлаши мумкинлигини тушунолмаяман", - дея Сардорнинг собиқ севгилиси ОАВга мурожаат қилганди.
Эронлик журналист Масих Алинежад мазкур терма жамоа футболчиларининг Халқаро Футбол Федерациясига қилинган айрим мурожаатларини чоп этди. Футболчилар миллий термани Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионатидан четлатишни талаб қиляпти.
"Мамлакатдаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Расмийлар ўз халқига нисбатан мумкин бўлган барча зўравонлик турларидан фойдаланяпти. Биз Эронни спорт оламидан бутунлай узиб қўйишни талаб қиламиз", - дея Isna.ir нашри мурожаатдан иқтибос келтирмоқда.
Бундан ташқари, юқоридаги мурожаатда аёлларнинг стадионга киришга бўлган тақиқи ҳам назарда тутилган. Бу FIFA кодексининг бевосита бузилиш ҳолатидир. Шунингдек, Эрон терма жамоасининг бир қатор футболчилари давлат томонидан таъқиб ва қўрқитишларга дуч келган. Жумладан, Ҳусайн Маҳини, Ареф Ғолами каби футболчиларнинг ҳатти-ҳаракатларини чеклаб қўйилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Али Карими ҳамда Али Даеи каби таниқли терма футболчилари қамоққа олинган ва турли хил таҳдидларга дуч келган.
Эрон футболи ўз ҳукумати таъсирида ишласа ва аёлларнинг стадионга ташрифи тақиқланса, бу FIFA'нинг 3 ва 4-моддалари бузилишига олиб келади. Шундай бўлган тақдирда, форслар Мундиалдан четлатилиши мумкин ва шарт.
Хабарингиз бор, Жаҳон Чемпионати 20 ноябрдан 18 декабрга қадар Қатар яшил майдонларида бўлиб ўтади. Эрон термаси "B" гуруҳида Англия, Уельс ҳамда АҚШ терма жамоаларига қарши майдонга тушиши керак.
Жаҳон чемпионатининг амалдаги ғолиби Франция терма жамоаси ҳисобланади.
Агар мазкур мурожаатлар инобатга олинса, катта эҳтимол билан уларнинг ўрнига бошқа бир терма жамоа Қатардаги чемпионатга чақирилади. Вариантлар орасида Мундиал йўлланмаси учун ўтказилган плей-офф ўйинида Австралияга имкониятни бой берган Перу термаси мавжуд.
Эрон Мундиалга қадар узоқ йўлни босиб ўтди. Улар иккинчи ва учинчи саралаш босқичидан муваффақиятли ўтди ва ҳар иккала босқични гуруҳ пешқадами сифатида якунлаганди.
Маълумот ўрнида, Италия, Швеция, Колумбия, Жазоир, Нигерия, Австрия, Норвегия, Туркия ҳамда Кот-д’Ивуар каби номдор термалар ҳам "ЖЧ-2022" йўлланмасидан қуруқ қолган.
Худайқулов Карим тайёрлади
Фикрлар