Эслаб, эслаб! "ЖЧ-2014" ва "ЖЧ-2018" саралашида Қатарга қарши қандай натижалар қайд этганмиз?
"ЖЧ-2026" саралаши Осиё минтақаси 5-тури доирасида Ўзбекистон терма жамоаси Қатар майдонига сафар қилади.
Айни вақтда "А" гуруҳида форслар билан бир хил очко тўплаган (10) ва фақатгина тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринда бўлиб турган Ўзбекистон терма жамоаси 4 очко билан 4-поғонада бораётган Қатар билан баҳс олиб боради.
Ушбу ўйин 14 ноябрь куни соат 21:15'да старт олади.
Таъкидлаш керак, қатарликлар бизга ЖЧ саралашларида жуда кўп тўқнаш келган ва термамиз учун қулай рақиб ҳисобланади. Узоқ тарихга юзланмай, "ЖЧ-2014" ва "ЖЧ-2018" саралашларида Қатар билан ўтказган ўйинларимизни эслаймиз:
Ўзбекистон ҳамда Қатар "ЖЧ-2018" саралаши доирасида бир гуруҳдан жой олган ва ўзаро икки бора тўқнаш келган. Қайд этиш лозим, вакилларимиз Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати саралаши, Осиё минтақаси 3-босқичида жами 13 очко тўплаб, гуруҳда 4-ўринни қўлга киритган. (Сурия билан очколар тенг, тўплар нисбатида термамиз ортда қолган) Ўша 13 очконинг деярли ярми (6) Қатарга қарши ўйинларда қўлга киритилган. Дастлаб, рақиб майдонига сафар қилган термамиз Егор Кримецнинг бош билан урган голи эвазига Қатарни 1:0 ҳисобида таслим этади. Тошкентда бўлиб ўтган баҳсда эса Одил Аҳмедов томонидан жаримадан киритилган гол Ўзбекистонга навбатдаги ғалабани тақдим этади.
2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати саралаши доирасида ҳам вакилларимиз жой олган гуруҳда Қатар бор эди. Дастлаб, Қатар майдонида Санжар Турсуновнинг ягона голи эвазига зафар қучиб қайтган вакилларимиз ўз майдонида ўтган баҳсда рақибни 5:1 ҳисобида таслим этади (Баҳодир Насимовдан дубль, Олег Зотеев, Одил Аҳмедов ва Улуғбек Бақоев биттадан). Ўша саралашдаги ажойиб иштирокка қарамай, вакилларимиз ўз гуруҳида 3-ўрин билан (кейинчалик ўтиш баҳсида Иорданияга мағлубият) Бразилияга бора олмайди. Жанубий Корея ва Эрон баҳсида корейсларнинг мағлубияти сабабли вакилларимиз Мундиалсиз қолади. Шунингдек, Қатарга яна 2 та гол урганимизда Жанубий Кореянинг ўрнида бўлардик. Афсуски, бу содир бўлмаган. Бироқ "ЖЧ-2014" саралашида ҳам ва "ЖЧ-2018" саралашида ҳам Қатардан максимал очко олганмиз. Мазкур анъана "ЖЧ-2026" саралашида ҳам давом этишига умид қиламиз.
Карим Худайқулов
Фикрлар