"Эспаньол" мураббийи "Барселона"га қарши баҳсдан кейин мағлубиятнинг асосий сабаблари ҳақида гапирди
"Эспаньол" бош мураббийи Маноло Гонсалес "Барселона"га қарши дербидаги мағлубиятдан (0:2) кейин фикрлари билан ўртоқлашди.
Учрашув давомида майдон эгалари ҳисобни очиш учун бир неча бор яхши имкониятларга эга бўлди, аммо "кўк-анорранглилар" дарвозабони Жоан Гарсияни мағлуб эта олмади. "Эспаньол" тарбияланувчиси собиқ жамоасига қарши баҳсда 6 та зарбани қайтариб, ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Учрашув охирида эса меҳмонлар Дани Ольмо ва Роберт Левандовскининг голлари билан рақибни жазолади.
"Юқори даражадаги рақибларга қарши ўйнаганда шундай бўлади. “Барселона”ни бундай кечириш мумкин эмас. Шунча имкониятни бой берсанг, ғалаба қозониш жуда қийин. Биз хафамиз, аммо ўз кучимизга ишонамиз. Бугун Ла Лиганинг энг кучли жамоасига қарши кураша олишимизни кўрсатдик", — дея Гонсалес сўзларини келтиради "Зе Тачлайн".
Мағлубиятга қарамай, "Эспаньол" турнир жадвалида бешинчи ўринни сақлаб қолди. "Барселона" эса пешқадамликни давом эттирмоқда.



Фикрлар