Етар энди, "Юнайтед" ёхуд "қизил иблислар" манзилига етиб келдими?!
"Манчестер Юнайтед" клуби АПЛ янги мавсумини бошлаб олди. Жамоа ўтказилган икки ўйинда дастлаб "Брайтон", сўнгра "Брентфорд"га 3 очко улашди. Бу баҳсларда "қизил иблислар" 6 та гол ўтказиб, атиги битта гол уришга муваффақ бўлди. Ўша битта гол ҳам "Брайтон" вакили Алекс Маккалистер ҳисобига қайд этилди. Яъни у ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.
Қизиғи, МЮ навбатдаги ўйинини "Ливерпуль"га қарши ўтказади. Биринчи турда Чемпионшипдан қайтган "Фулхэм" билан дуранг ўйнаган "қизиллар" азалий рақибига қарши бор кучини ишга солиши табиий. Агар шундай ҳолат давом этаверса, тен Хаг шогирдлари катта эҳтимол билан 3-турда ҳам шармандали мағлубиятини қабул қилиб олади.
Хўш, нега "Манчестер Юнайтед"да вазият яхшиланиши ўрнига аксига қараб кетмоқда? Клубда нима нотўғри йўлга қўйилган бўлиши мумкин? Раҳбариятнинг ўзгарадиган вақти келдими? Шу ва бошқа кўплаб қизиқарли саволларга қуйида жавоб топишга ҳаракат қиламиз. (Мақола шахсий фикрлар асосида ёзилди)
Янги мураббий ва янгича қарашлар
Мавсум аввалида Манчестер гранди бош мураббий сифатида "Аякс" устози Эрик тен Хаг номини эълон қилди. Кўпчилик нидерланд клуби бир неча йил олдин Чемпионлар лигасида ажойиб натижа қайд этганини инобатга олиб, энди ҳаммаси яхши бўлади, деб ҳисоблади. Ваҳоланки, ҳаммаси бу қадар осон бўлмаслиги аниқ эди.
Бунга бир неча сабаблар бор. Биринчидан, тен Хаг "Аякс"да ўз услубига эга жамоада ишлаган. Унинг ўз қарашлари, фикрлари мавжуд ва бу назариялар "Манчестер Юнайтед"никидан фарқ қилади. Масалан, Эрик кўпроқ прессингга урғу беради. "Юнайтед"да эса бу аввалдан яхши шаклланмаган услуб. Клуб кўпроқ тўп назорати ва рақибни ўз майдонида кутиб олиши билан машҳур бўлган. Рақиб майдонида кўпчилик бўлиб босим ўтказиш МЮга хос жараён эмас. Буни Фергюсон ҳам, Моуриньо ҳам ва ҳатто Сульшер ҳам яхши англаб етган.
Манкунианлар классик 4-3-3 схемасида доим хавфли бўлиб келган. Аммо тен Хаг "қураётган" футбол умуман бошқача. У "Аякс"да ҳам марказдан паслар орқали ҳужум қилишни устувор, деб билган ва нидерланд футболининг номдор жамоасига тўла мос тушган. Натижалар ҳам шу каби бўлгани бежизга эмас.
Ҳозир Эрик Манчестернинг қизил томонида 4-1-4-1 ёки 4-1-2-3 тактикасидан фойдаланишни маъқул кўрмоқда. Бу марказнинг кучли бўлишини талаб қилади. Пасларнинг кўп бўлиши ва прессингда фаол бўлиш ҳам асосий жиҳат саналади. Таркибдаги футболчилар эса бу усулга деярли мос келмайди (МЮ мухлислари хафа бўлмасин). Фред, Мактоминей, Эриксен ва Фернандеш узатма ва босим ўтказишда юқори даражадаги футболчилар ҳисобланмайди. Улар умумий чизмаларда кўринмай, яхши ҳаракат қиладиган истеъдод соҳиблари. Бироқ алоҳида топшириқларни бажара оладиган даражага етиб келгани йўқ ҳали, бизнингча. Ҳатто Фернандеш ҳам эркин тўп тепадиган плеймейкер. Унга вазифалар юкланиши Брунунинг ўйинига салбий таъсир кўрсатишига бир неча бор гувоҳ бўлганмиз. Эриксенда ҳам шунга ўхшаш вазият.
Ҳужумдагилар тезкор ва чаққон бўлиш, рақибга доимий босим ўтказиш ва ҳудудни ёпиш каби хислатларга эга бўлиши лозим. Афсуски, биз Рэшфорд, Санчо ва Эланга каби ёшларда доим ҳам бу ҳолатларни кузатавермаймиз.
Раҳбариятга бўлган ишончсизлик
"Манчестер Юнайтед"га Глейзерлар оиласи раҳбарлик қилишини кўпчилик билса керак. Ушбу оила жамоанинг 90 фоиз акциясига эгалик қилади. Ҳозирда Глейзерларга нисбатан маҳаллий мухлислар доимий қаршилик кўрсатиб келади. Улар оила клуб учун асосий эътибор маркази эмас, балки бизнесининг бир бўлаги, деб ҳисоблайди. Трансферлар бозоридаги пассивлик, ўхшамаган харидлар ва шу каби муаммолар мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, Санчонинг катта пулга олиб келиниши ва унинг ўйнай олмаётгани, Погбани 105 миллионга сотиб олиб, кейин французни текинга қўйиб юборилгани каби ҳолатлар ростан ҳам тушунарсиз қарордек кўринади. Бу мавсумда Арнаутович, Мората ва Рабьога бўлган қизиқиш ҳам томошабинларга ғалати бўлиб туюлмоқда.
Раҳбарият катта трансферларга қўл урмаётгани айни ҳақиқат. Санчо ўз вақтида жаҳоннинг энг умидли футболчиларидан бўлган. Унинг учун сарфланган 85 миллион ҳозирча ярми бўлса-да, тўлиқ оқлангани йўқ. Бир томондан, номдор юлдузлар "Олд Траффорд" эгалари билан шартнома имзолашни маъқул кўрмаяпти. Улар муаммолар гирдобида юрган клуб сафига бориб қўшилишни истамаяпти.
Вақтида амалга оширилмаган катта трансферлар сабаб энди жамоа қийин аҳволга тушиб қолмоқда. Глейзерлар бу вазиятни олдини олиш учун спорт директори Эд Вудвордни истеъфога чиқарди. Афсуски, унинг ўрнига келган Жон Мерто ҳам деярли кўзга кўринадиган иш қилгани йўқ. Эриксен, Мартинес ва Маласия умуман клуб даражасига тўғри келмайди, деб ҳисобламоқда жамоанинг ашаддий мухлислари. Улар яхши футболчилар яхши натижалар олиб келишига ишонади. Бироқ ҳозир таркибда узоғи билан 2-3 та талабга жавоб бера оладиган ўйинчи бор, холос.
Муаммога ечим топамиз
"Юнайтед"да вазият сиз ва биз ўйлаганимиздан оғирроқ бўлиб чиқиши мумкин. Чунки жамоа тезда бу ҳолатдан чиқиб кетиш йўлини топмаса, даражаси билан бирга кўпгина пулларни йўқотиши мумкин. Унда бу муаммоларга қандай ечим топиш мумкин? Қуйида шу ҳақда гаплашамиз.
1. Пулни тўғри сарфлаш.
Ҳа, "қизил иблислар ҳозир пулдан тийилиб турадиган даврда эмас ҳозир. Раҳбарият маркетинг, реклама каби нарсаларни яхши йўлга қўйган. Бунга шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Аммо футбол соҳасида бундай деб бўлмайди. Масалан, манкунианликлар маош борасида АПЛнинг энг олди жамоаси. Улар йилига 169 миллион фунт стерлингни шу маошлар учун ишлатади. Таққослаш учун, 2-ўриндаги юлдузли "Манчестер Сити"да бу рақамлар 130 миллионни ташкил этади. Ҳайратланарли, шундай эмасми?
Қизиғи, клубда 10 миллион фунтдан кўп маош оладиган оз эмас, кўп эмас нақ 7 футболчи бор. Бунақа эмас-да энди, жаноблар. Пулни тежаб ишлатиш керак, деган гапни буларга эслатиб турадиган кимдир бўлиши керак, менимча. Маошлар борасидаги сиёсат трансферлар учун ҳам қўлланилганда ҳозир МЮ аввалги даражасидан бу қадар узоқлашиб кетмаган бўларди.
2. Муносиб мураббий топиш.
Тен Хаг қанчалик кучли мутахассис бўлмасин, унинг услуби Манчестер клубига тўғри келмайди. Буни юқорида қисқача тушунтиришга ҳаракат қилдик. МЮ бунақа актив футбол кўрсатишга мослашмаган. Жамоа кўпроқ тезкор қарши ҳужум, вазиятлардан максимал фойдаланиш ва ўйинни назорат қилиш эвазига устунлигини намойиш эта олади. Яъни "қизил иблислар" "ҳар соҳадан бир шингил" деган нақлга амал қилиб футбол ўйнайди. Бу "Реал" Мадриддаги услубга ҳам ўхшаб кетади. Вақтида ҳужумкор, вақтида майдон марказида тўпни назорат қилиб туриш ва яна баъзида ҳимоявий ҳаракат қилиш.
Эрикда бундай одат йўқ. У "хамелеонлик" бўйича мутахассис эмас. Нидерланд бир усул билан рақибларни додини беришга одатланган "коуч". Биздаги вариантларга кўра, "Манчестер Юнайтед" учун Зинедин Зидан ва Маурисио Почеттино сингари мураббийлар клубга мос келади. Улар қийин вазиятга мослашишни жуда яхши билади ва бир хил ўйин кўрсатишдан узоқ бўлган мураббийлар сирасига киради, бизнингча.
Аслида, фақат шу икки нарсагина муаммо ечим бўла олмайди. Буни биз жуда яхши биламиз. Аммо ҳозирча шу жиҳатлар энг муҳими саналади. "Юнайтед" мутахассислар учун ҳам, мухлислар учун ҳам доим гранд клуб сифатида намоён бўлади. Жамоанинг қониқарсиз натижалари ва АПЛда сўнгги поғоналарда юриши нафақат жамоа ишқибозлари учун, балки нефтрал футбол жамоатчилиги учун ҳам ачинарли ҳолат. Биз ҳам кузатувчи сифатида "қизил иблислар"нинг яна аввалги даражасига қайтишини истаб қоламиз. Зеро, рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Кучлилар кўпайган сари футбол янада гўзаллашади. Биз айнан шундан манфаатдормиз.
Шоҳрух Зоиров мақоласи.
Фикрлар