Остон Ўрунов РПЛга қайтадими? Унга бир нечта клублар қизиқмоқда
Эроннинг “Персеполис” футболчиси Остон Ўрунов яна Россия клубларига ўтиши мумкин. Бу ҳақда “Маш на Спорте” телеграм канали хабар берди.
Манбага кўра, Ўруновга бўлган қизиқишнинг ортишига унинг Ўзбекистон терма жамоасидаги муваффақиятли ўйинлари сабаб бўлган. Айниқса, Al Ain Cup ярим финалида Мисрга қарши ўйинда қайд этган дубли скаутларни ҳайратда қолдирган. Шундан сўнг унга Саудия Арабистонининг машҳур клуби “Ал-Аҳли” мутахассислари ҳам қизиқа бошлаган. Шунингдек, РПЛ клублари ҳам футболчи бўйича тезда ҳаракатга тушиб, ҳисоботлар тайёрлаган.
Номзодлар орасида “Зенит” клуби ҳам бор. Клуб вакилларига Ўруновнинг дриблинги, тезлиги ва қарор қабул қилиш сифати маъқул келган.
Бироқ трансферга тўсқинлик қилаётган асосий сабаб мавжуд. “Персеполис” раҳбарияти вингерни ҳозирча сотишни истамаяпти, чунки уни Жаҳон Чемпионатидан кейин янада қимматроққа нархга қўйиб юборишлари мумкин.
Маълумот учун, 24 ёшли футболчининг теҳронликлар билан тузган амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача амал қилади.



Фикрлар