Чемпионлар лигасида бутун Европани ҳайратда қолдирган бу вундеркинд ким? У "Барселона" ҳимоясини парчалаб ташлади ва Неймарнинг меросхўри ҳисобланади
ЕЧЛнинг 5-турида “Челси” ўз майдонида “Барселона”ни йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур баҳснинг энг ёрқин футболчиларидан бири 18 ёшли Эстевaо бўлди. У каталонияликлар ҳимоясини ўз дриблинглари билан парчалаб ташлади.
Бразилияда унга “Неймарнинг меросхўри” деб қарашади. Қуйида эса Эстевaонинг футболга кириб келиши ва тез суръатда юлдузга айланиш тарихи билан танишасиз.

Футболга илк қадамлар:
Эстевaо атиги 10 ёшида “Крузейро” академиясига қўшилган ва шу пайтнинг ўзида Nike билан шартнома имзолагan. У бу борада бошқа бразилиялик юлдузлардан ҳам олдин бўлди: масалан, Неймар ва Родриго мос равишда 13 ва 11 ёшларида йирик бренд билан контрактга эга бўлишган.
Унинг илк дриблинглари ва майдондаги ўйин услуби туфайли болалигида “Мессиньо” деб аташган. Бироқ Эстевaо ўсиб-улғайгач, бу лақабдан воз кечди ва фақат ўз номи билан танилишни мақсад қилди.
“Мени бошқалар билан таққослашларини ёқтирмайман. Менга Эстевaо бўлиш ёқади”, — деган эди футболчи ESPNга берган интервьюсида.
Эстевaо 14 ёшида “Палмейрас” сафига ўтди. У тез орада мамлакатнинг энг катта истеъдодларидан бири сифатида эътироф этилди. 15 ёшидаги дебютидан сўнг U-15 ва U-17 жамоалари билан бир қатор совринларни қўлга киритди.
Унинг порлаши Европани ҳам бефарқ қолдирмади. Йирик топ-клублар уни балоғат ёшига етмасданоқ синаб кўришга ҳаракат қилди.

“Челси”га ўтиш ва Тиаго Силванинг роли
2024 йил июнь ойида “Челси” “Палмейрас” билан келишувга эришди ва 45 миллион евро эвазига Эстевaони сотиб олди. Ўша пайтда вундеркинд 17 ёшда эди, шу боис трансфер қоидаларга кўра, у 18 ёшга тўлганидан кейин клуб аъзосига айланди.
Эстевaо ўз танловида “Челси”нинг собиқ ҳимоячиси Тиаго Силва маслаҳатлари катта роль ўйнаганини таъкидлаган.
“Тиаго Силва менга клуб ҳақида жуда илиқ гаплар айтди. Шундан сўнг мен қароримда ишонч ҳосил қилдим”, — дейди вингер.
Европадаги илк мавсум: рекордлар ва статистика
Эстевaо жорий мавсумда 17 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол ва 1 та ассист қайд этди. Бу — дебют мавсуми учун жуда яхши кўрсаткич. Эътиборлиси, у ЕЧЛда кетма-кет учта учрашувда гол киритди:

“Аякс” — 5:1
“Қорабоғ” — 2:2
“Барселона” — 3:0
Шу тариқа у мусобақада кетма-кет уч ўйинда гол урган энг ёш бразилиялик сифатида тарихга кирди.
Бразилиялик футболчи энг ёрқин ўйинини "Барселона"га қарши кўрсатди. Учрашув икки 18 ёшли вундеркинд ўртасидаги дуэль сифатида мухлислар эътиборини тортди. Европа футбол хавосига эндигина кўникиб қолган Эстевао тажрибали Ламине Ямалга қарши майдонга тушди ва ғалаба қозонди.У нафақат гол урди, балки беш маротаба муваффақиятли дриблинг амалга оширди. Шунингдек, у “Челси”нинг хавфли ҳужумларида асосий фигура бўлди. Шу ўйиндан сўнг Еврпoа футболи унга янада жиддий эътибор қаратмоқда.
Эстевaо ҳозирнинг ўзида Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти томонидан йиғинларга таклиф этилмоқда. У клуб ва терма жамоа сафида жами 9 та гол урган — бу кўрсаткич бўйича у Ямал ва Винисиусни ҳам ортда қолдирмоқда.
Хулоса
Эстевaо — бразилиялик супер истеъдодларнинг навбатдаги ёрқин вакили. Унинг камтарлиги, меҳнатсеварлиги ва техник маҳорати унинг карьерасида катта ўсишга олиб келиши мумкин. Мухлислар эса ундан Неймар даражасидаги юлдузни кўришни интизорлик билан кутмоқда.
Артемий Кутейников мақоласи
Рузматов Мухаммадқодир таржимаси



Фикрлар