Гвардиола “Байер”дан учралган мағлубиятга ким айбдорлигини айтди
Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 5-турида “Манчестер Сити” ўз майдонида “Байер”га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдан кейин “шаҳарликлар” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Жамоанинг ўйини чиқмагани ҳақида:
“Жуда кўп ўзгариш бўлди. Узоқ мавсум давомида ҳар 2–3 кунда ўйин ўтказилади, шунинг учун барча футболчилар иштирок этиши керак. Балки бу гал ўзгаришлар ҳаддан зиёд кўп бўлди. Натижа ҳам шундан дарак беради. Ўйинчилар хато қилмасликка ҳаракат қилишди, лекин керак бўлган ишни қилишмади. Агар сен хатодан қочишни ўйласанг, на эркин бўласан, на тўп билан, на тўпсиз яхши ўйнайсан.”
Гвардиоланинг таъкидлашича, жамоа рақибга етарлича босим ўтказа олмаган:
“Биз имкониятга эга бўлдик, аммо етарлича агрессив ўйнамадик. "Байер" жуда кучли жамоа. Уларни ғалаба билан табриклайман. Мен барча хатолар учун масъулиятни ўз зиммамга оламан. Ҳаммани ўйинга жалб қилгим келади, аммо 3–6 та ўйинда майдонга тушмаган футболчи учун бу осон эмас. Балки бу сафар ортиқча бўлгандир.”
Таркибдаги ўзгаришлар ҳақида:
“Катта жамоада ўйнасанг, ўзингни кўрсатишинг керак. Захирадан тушганлар ҳам худди шундай ҳолатда эди. Биз кўп мувозанатни йўқотдик, зарбаларимиз қайтарилди. Рақиб жамоа эса яхши қаршилик кўрсатди.
Ҳар доим майдонга тушадиган футболчилар бўлганда, янги тушганлар ўзини кўпроқ эркин ҳис қиларди. Баъзан ҳаммани ўйинга қўшгим келади, лекин бу ҳар доим тўғри қарор эмас.”
Ўйин олди режалари ҳақида:
“Мен "Байер"га қарши баҳсдан олдин шундай ўйлаган эдим: уй ўйини, Чемпионлар лигасида яхши ҳолатдамиз — бир синаб кўрамиз. Бироқ режа ўзига яраша самара бермади. Эндиликда бу хатодан тўғри хулоса чиқарамиз.”
“Ҳозир ортиқча эмоцияларга берилмаймиз. Бошимизни ортиқча гап-сўздан тозалаймиз ва кейинги рақиб "Лидс"га тайёрланамиз.”



Фикрлар