Акмал Шораҳмедов: "Иккинчи таймдаги ўйин менга ёқди"

  • 27 ноябрь, 01:15
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

“Андижон” - “Аркадаг” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонларнинг вақтинчалик бош мураббийи Акмал Шораҳмедов ва ўйиннинг энг яхши футболчиси Бектемир Абдуманнонов саволларга жавоб қайтардилар.

Tecno

Акмал Шораҳмедов: - Ютишни жуда хоҳлагандик. Футболчилар ҳам буни роса исташганди. Шунга яраша ҳаракат қилдик. Қисқа вақт бўлса ҳам тайёрландик. “Ал-Аҳли” ва бошқаси ҳам булар билан ўйинларда қийналишяпти. Ҳимояда жуда зич ўйнашади. Ёриб ўтиш қийин. Лекин мен ўйиндан қониқдим. Ечиниш хонасида ҳам айтдим. Айниқса, менга иккинчи таймдаги ўйин ёқди. Деярли Туркманистон терма жамоаси билан ўйнаб, охирида рақибни ётиб олиб ва тўпни тепиб юбораётган ҳолатларини кўриш мен учун ёқимли бўлди. Йигитларга раҳмат.

- Жамоага нима етишмади, деб ўйлайсиз?

Бектемир Абдуманнонов: - Жамоамиз билан ғалаба учун чиққандик. Охирида бироз омадимиз етишмади, деб ўйлайман. Ҳамма ҳаракат қилди. Ўйингача бўлган жараёнлар ҳам яхши бўлди. Ҳали имкониятимиз бор. Кейинги учрашувда ютсак 100 фоиз кейинги босқичга чиқишни ҳал қиламиз. Ўз хатоимиз орқали гол ўтказдик. Аслида рақибни ҳар томонлама ютдик. Битта гол урганимизда ютиб кетардик.

- Ўртада деярли бир ой танаффус бўлади. 24 декабргача футболчиларни ҳолатини бир маромда ушлаб туриш учун қандай режалар тузиляпти?

Акмал Шораҳмедов: - “Бунёдкор” билан ўйиндан кейинги режаларни ҳали билмайман. Менга фақат ушбу учрашувларга тайёрлаш айтилган. Қолганини вақт кўрсатади. Мени вазифам “Андижон”ни сақлаб қолиш. Шунга ҳаракат қиляпмиз. Бутун жамоа - базадаги ишчилар, матбуот, ҳаммамиз бир оила билан ҳаракат қиляпмиз. Кейинги ўйинни ўйлаймиз. 24 декабрь кунги учрашув “Бунёдкор” билан баҳсдан кейин ўйланади. Ҳозир ҳали бунга вақтли.

- Жамоа ғалабага чанқоқ ўйнади. Бироқ бир нечта вазиятларда ҳакамларни қарорларига эътирозлар бўлди. Ўйинни бошқарган ҳакамга қандай баҳо берасиз?

Акмал Шораҳмедов: - Бизга ҳам “симпатия” қилганда яхшироқ бўларди. ВАР йўқ, ҳеч нарсани исботлай олмаймиз. Нима бўлган тақдирда ҳам гол ура олдик. Лекин гол ҳам ўтказиб қўйдик. Лекин биринчи голимизни урдик, шундан хурсандман.

- Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида 3 та ҳужумчи билан ўйнаймиз, ҳужумга борган ўйинчи ҳимояни ўйламаслиги кераклигини айтгандингиз. Қарши ҳужумда рақиб гол уриб кетди. Шу иккита нарсани бир-бирига боғлаган бўлармидингиз?

Акмал Шораҳмедов: - Фикрим бўйича, ким орқада турган бўлса ўша ўйнаб қўйиши керак. Ким олдида турган бўлса у ҳужумда ўйнаб қўйиши керак. Орқада турган футболчи ҳимоячими ёки хужумчими, рақиб билан ўйнаши лозим. Ҳозир кимнидир айбдор қилиш ниятим йўқ. Таваккал қилиб, ҳужумга кетдик.  

- Иккинчи таймда захирадан ҳимоячи Ислом Маматказинни ҳужумга туширдингиз. Бу ҳам таваккалмиди ёки олдиндан ўйланган режамиди?

Акмал Шораҳмедов: - Олдиндан ўйлаган режам эди. Ютаётганимизда Ислом Маматказинни учинчи ҳимоячи қилиб туширмоқчи эдим. Чап тараф ҳимояда кимни қўйиш билан ушланиб қолдим. Ўша пайтни ўзида гол ўтказиб юбордик. Бизда бошқа ҳужумчи йўқ. Шунинг учун Маматказинни ҳужумга қўйдим. Чунки ўйинни охири, бўйи пастроқ ўйинчини тушириш тўғри келмасди. Олдиндан унга айтгандим: ё учинчи ҳимоячи билан тушасан ёки ҳужумчи бўлиб тушасан дея тайинлаганман.

- “Андижон”да ўзгаришлар бўлди, жамоа натижалари яхши эмас. Футболчиларда кайфият қанақа? Тушкунлик борми? Жамоа плей-оффга тушиб қолиши мумкин.

Бектемир Абдуманнонов: - Бу нарса ҳаммани бўйнига тушади. Бу вазиятдан чиқиб кетишимиз керак. Ҳали имконимиз бор. Битта учрашувга яхши тайёргарлик кўриб, финалга чиққандек чиқиб ютган ҳолда кейинги босқичга чиқсак бўлади.

- Охирги турда ростдан ҳам Қатарда гуруҳ фаворитини ютишингларга кўзингиз етяптими?

Бектемир Абдуманнонов: - Худо хоҳласа, ғалаба учун чиқамиз. Битта ўйинда ҳамма нарса ҳал бўлади. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!