Евгений Попихин: ВХЛда исталган жамоа рақибининг "оёғидан чалиши" мумкин

ВХЛ мунтазам чемпионати доирасида "Ростов" устидан қозонилган ғалабадан сўнг "Ҳумо" бош мураббийи Евгений Попихин ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Қийин бўлган ғалабани қўлга киритдик. Рақиб бугун ажойиб ўйнади, айниқса биринчи даврда. Балки Смирягин бўлмаганда жуда қийин аҳволга тушиб қолган бўлар эдик. Иккинчи даврда гол киритдик, аммо "жавоб"ини ҳам қабул қилиб олдик. Кейинчалик учрашув битта голга қадар давом этди. Бугун омад ҳам бизга кулиб боқди. Бунга қадар яхши ўйнасак ҳам мағлубятга учраётган эдик. 

Ҳозир эса муҳим бўлган икки очкони қўлга киритдик. Павел Синявский учун хурсандман, у бугун дублга эришди. Рақибни чиройли ўйин билан табриклаган бўлар эдим. Тўғри, улар ҳозир қуйи поғонада боришмоқда, бироқ шуни унутмаслик керакки, ВХЛда исталган жамоа рақибининг "оёғидан чалиши" мумкин.

Бугун четлатишларсиз ўйнадик. Ўйлашимча, йигитлар мени эшитишди. Қаранг, биз нечта баҳсни кераксиз фоллар туфайли сўнгги дақиқада гол ўтказиб мағлуб бўлдик? Бу асабийлашишдан келиб чиқади. Ўйинчи нотўғри ҳаракатни амалга оширади, нотўғри қарорни қабул қилади, натижада қоида бузади. Бугун бахтимизга барча тўғри хатти-ҳаракатларни амалга оширди. Рақибда ҳам қулай имкониятлар юзага келди, аммо йигитлар чидай олишди. Чидам ва тўғри ўйин - ғалаба калити", - деди Попихин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!