Европада тўп сурган ва сураётган ўзбеклар!
Европа қитъасида Осиёдан футболчилар бориши сўнгги йилларда анчагина ўсиб бораяпти.
"Тоттенхэм"да Сон Хён Мин каби футболчи жаҳон футболига ўз иқтидорини жуда юқори савияда намойиш этиб бермоқда. Шу қаторда, футболи биринчи ўринда турувчи ушбу қитъада ўйнаган ўзбекистонлик энг машхур футболчиларни ёдга оламиз.
Кўпчилик катта умидлар билан қараган, "Ювентус" билан шартномага келиша олган, аммо Турин клубининг асосий жамоасида майдонга тушмаган Илёс Зейтуллаев деярли бутун фаолиятини Италияда ўтказган. "Ювентус"даги 4 йиллик фаолиятидан сўнг, А Сериянинг бошқа бир клуби "Режжина"га трансфер қилинган, аммо бу клуб таркибида бор-йўғи 2 та баҳсда майдонга тушган ҳолос. Кейинчалик, қуйи лига клублари "Кротоне", "Женоа", "Виченза", "Верона", "Пескара" ва "Виртус Ланчано" жамоаларида тўп сурди. 2014 йили А Сериянинг "Торино" клуби аъзосига айланди, аммо Хорватиянинг қуйи лига жамоасига ижарага бериб юборилди. Шундан сўнг, у бутсаларини михга илган ва Италиянинг "Купелло" клубида мураббийлик фаолиятини бошлаган.
Зейтуллаев 2001-2007 йиллари Ўзбекистон терма жамоасида 10 та беллашув ўтказиб, 2 та гол уришга ҳам эришган.
Жаҳон футболида энг катта муваффақиятга эришган футболчи ким, деганда, албатта Максим Шацкихдан яхшироқ номзод йўқ! Украинанинг "Динамо" клубида узоқ йиллар давомида фаолият олиб бориб, жамоанинг асосий тўпурари ҳам бўлишга эришган. Киев клуби таркибида Еврокубокларда умумий 23 та гол уришга эришган. Шулардан, 11 таси ЕЧЛ доирасига тўғри келади. 2006 йили Демьяненко қўл остидаги "Динамо" клуби Мадриднинг "Реал" жамоасига қарши баҳс ўтказиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган. Эътиборли томони, учрашувда ҳамюртимизнинг дублига сўнгги дақиқаларда меҳмонлар форварди Роналдо ҳам дубль билан жавоб қайтарган.
Шацких Ўзбекистон терма жамоаси тарихида энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади. У терма жамоа либосида 34 та голга муаллифлик қилган.
1991 йили Жиззахда таваллуд топган иқтидорли футболчи Сардор Рашидов Португалия чемпионатида тўп суриш бахтига муяссар бўлган. "Насьонал" жамоаси таркибида 7 та баҳс ўтказиб, 3 та гол уришга эришганди. Ярим ҳимоячини Ўзбекистонда келажаги порлоқ ва жуда иқтидорли футболчи, деб билишган. Фаолиятининг дастлабки онларидан бошлабоқ, мухлисларнинг қалбидан жой эгаллаган. Европадан араб диёрига қайтган Рашидовдан ҳамон катта умид қиладиган мухлислар бисёр. Аммо узоқ вақтдан буён, 28 ёшли футболчига терма жамоадан чақирув бўлмаяпти.
Рашидов Португалияда фаолият олиб борган ягона ўзбекистонлик футболчи эмас! Яқиндагина, Абубакир Мўйдинов Криштиану Роналду ватаниниг "Лейшойнс" клуби билан битим имзолади. 19 ёшли футболчи жамоа сафида битта учрашув ўтказишга ҳам улгурди. "Лейшойнс" қуйи лига клуби ҳисобланади, аммо жамоанинг 23 ёшгача бўлган жамоаси эса биринчи дивизион аъзосидур! Мўйдинов ёшлар таркибида "Бенфика"га қарши баҳсда майдонга тушишга улгурди. Ушбу футболчимиздан ҳам умидларимиз катта!
"Навбаҳор"дан "Сурхон"га кўчиб ўтган Азиз Ибрагимов ҳам ўз вақтида Европада тўп сурган. 2006-2008 йиллари Словакиянинг номдор клуби "Слован Братислава"да муваффақиятли фаолият олиб борган ва 2008-2010 йилги мавсумлани Чехия чемпионатида ўтказган. "Богемианс-1905" таркибида қуйи лига чемпионлигини қўлга киритиб, мамлакатнинг юқори лигасида ҳам ўзини кўрсата олган. Айнан, ўша дамлари ўзбекистонлик футбол мухлислари Ибрагимовдан ҳам топ даражадаги жамоаларда ўйнаб кетишидан қаттиқ умид қилишганди. Аммо, унинг фаолиятидаги энг юқори марра Чехия ва Словакия бўлиб қолган. 2011-2012 йиллари Хитой чемпионатида ўйнади ва 2014 йилгача Чехиянинг яна 3 та жамоасида тўп суришга улгурди. "Андижон", "Динамо" ва "Бухоро" клубларидаги фаолиятидан сўнг, 2017 йили Эрон ва Латвия чемпионатларини ҳам кўриб келишга эришди. Келаси йили "Бухоро"га қайтган бўлса, 2019 йили "Навбаҳор" шарафини ҳимоя қилди.
2012-2013 йиллари "НБУ-Осиё"да ўйнаб, 2014 йили Сербиянинг "Явор" клубида тўп сурган Ҳусниддин Ғофуровдан ҳам мухлислар умид қилишган. Чунки, ёш бўлишига қарамай, футболи анча ривожланишга эришган мамлакат чемпионатида ёш футболчимиз ўзини йўқотиб қўймаган ва мунтазам жамоанинг асосий таркибида ўйнаганди. Аммо, кейинчалик юртимизга қайтиб келган футболчининг ҳозирги кундаги ишлари кўнгилдагидек эмас! "Пахтакор"нинг заҳирасида қолиб кетган футболчи янги мавсумни "Сурхон" жамоасида бошлаши ҳақиқатга яқин бўлиб турипти.
Максим Шацкихдан ташқари, Украина чемпионатида ўйнаган яна бир футболчимиз Виталий Денисовни мухлислар ҳеч қачон ёддан чиқаришмаса керак! Зеро, жуда меҳнаткашлиги билан ажралиб турадиган ҳимоячи терма жамоанинг муҳим ўйинларида кўп бор-а мухлисларнинг жонига оро кирган. "Днепр" шарафини ишончли ҳимоя қилган чапақай футболчини Москванинг "Локомотив" клуби 2013 йили ўз таркибига қўшиб олган. Денисов янги жамоасида ҳам 5,5 йил давомида муваффақиятли тўп сурди ва ҳозирги кунда ҳам фаолиятини Россияда давом эттирмоқда. 2006-2018 йиллари Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 72 та учрашув ўтказган ва битта гол урган.
2011 йилги Осиё кубогида порлаган Одил Аҳмедов мусобақа якунидан сўнг, Россиянинг "Анжи" жамоасига кўчиб ўтган. ОАВ вакиллари ва мухлислар терма жамоамиз сардорини ўз вақтида "Арсенал" таркибига ўтказиб ҳам қўйишганди. Рус клубининг энг асосий футболчиларидан бири бўла олган ва жамоада йилнинг энг яхши футболчиси, деб ҳам топилган Аҳмедов кейинчалик "Краснодар"да ўйнади ва ҳозирда, фаолиятини Хитой чемпионатида давом эттириб келмоқда.
Умуман олганда, Россия чемпионатида жуда кўплаб ўзбек футболчилари ўйнаган ва ҳозирги кунда, бу мамлакатда Элдор Шомуродов муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Терма жамоамиз ҳужумчиси РПЛнинг жорий мавсумида тўпурарлар баҳсида муносиб равишда кураш олиб бораётгани ҳам эътиборга молик. Бундан ташқари, Остон Ўрунов "Уфа" клуби билан шартнома имзолади ва ёш ярим ҳимоячининг келажагига катта умидлар билан қаралмоқда.
Ўзининг энг яхши даврларини Қозоғистоннинг "Тобол" клубида ўтказган Улуғбек Бақоев футболчилик фаолиятини "Бухоро"да бошлаган. Кейинчалик, Россиянинг ЦСКА, "Торпедо-ЗИЛ" ва "Нефтехимик" жамоалари шарафини ҳимоя қилган. 2004-2007 ҳамда 2010 йилларда "Тобол"нинг муҳим футболчисига айланган. "Жетису" ва "Иртиш" клубларида ҳам муваффақиятли фаолият олиб борган. 4 маротаба мамлакат биринчилигида тўпурар бўлган. 2012 йили GOAL нашри ўзбекистонлик ҳужумчини Қозоғистон чемпионатида йилнинг энг яхши футболчиси деб топган. Кетма-кет 2 йил давомида Қозоғистонда йилнинг энг яхши футболчисига берилувчи "Алмаз" совринини қўлга кирита олган. Бундан ташқари, 123 та гол билан Нилтон Мендес ва Олег Протасов клубларининг тўурарлар рўйхатига киритилган.
Ўзбекистон терма жамоаси сафида 50 та баҳс ўтказиб, 14 та голга муаллифлик қилган. 2007 ҳамда 2011 йиллардаги Осиё Кубогида терма жамоа учун ўйнаган.
2000 йилги мавсум "Дўстлик" сафида Ўзбекистон чемпионатида 45 та гол уриб, рекорд ўрнатган Ирисметов Греция, Россия, Беларуь, Украина ва Қозоғистон чемпионатларида тўп тепган. Фаолиятини Тошкент клубида бошлаганидан сўнг, 1997 йили Грециянинг машхур "Панатинаикос" жамоаси эътиборини тортган, аммо Европа мамлакатидаги 2 йиллик фаолияти давомида бор-йўғи бир маротаба майдонга тушган ҳолос. Бундан кейин, Россиянинг "Черноморец", "Спартак" Москва ва "Анжи" клубларида ўйнашга улгурган. Ҳаттоки, "Спартак" билан эвропкубок баҳсларида қатнашган. "Анжи"га келгунига қадар, бир мавсум Беларуснинг "Славия" жамоасида тўп тепган ва бу клубда 3 бор гол уришга эришган. 2003-2004 йиллари Украинанинг "Кривбасс" клубида ҳам фаолият олиб борган ва шундан сўнг, Қозоғистоннинг "Қайрат", "Алма-Ата" ва "Актобе" клубларида ҳам ўйнади. Ирисметов 2006 ва 2007 йилги мавсумларда қўшниларимизнинг чемпионатида тўпурар бўлган. Бундан ташқари, форвардимиз 76 та гол билан Нилтон Мендес клубининг тўпурарлари рўйхатида қайд этилган.
Собиқ иттифоқ даврларида футболчилик фаолиятини бошлаган Игорь Шквирин ҳам кўплаб футболчиларимиз сингари Россия чемпионати аъзоси бўлган. У бундан ташқари, Исроиль чемпионатида бир неча йил фаолият олиб борган. 1992 йили Владикавказнинг "Спартак" жамоасида 10 та баҳс ўтказиб, 5 та гол урган. Шундан сўнг, "Хапоэль" Тель-Авив, Нетаниянинг "Маккаби", "Бней Иегуда", Петах-Тикванинг "Маккаби" ва Герцлиянинг "Маккаби" каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган.
Осиё ўйинлари чемпиони "Шухрат" медали билан тақдирланган. Ўзбекистон терма жамоасида 31 та учрашувда майдонга тушиб, 21 та гол урган.
Ҳозирда, АГМК клубининг бош мураббийи бўлиб ишлаётган Миржалол Қосимовни ўзбек футболи қироли, десак муболаға бўлмайди.
Россиянинг "Алания", "Крилья Советов" ва "Спартак" (Владикавказ) клубларида фаолият олиб борган. Айниқса, "Алания" жамоасида ўзининг энг ёрқин даврларини ўтказган. "Шухрат" медали ва "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳиби 1995 йили Россия чемпионлигини қўлга киритган.
1995 йили "Алания" ва "Ливерпуль" қарама-қаршилигида учрашувнинг 21-дақиқасида ҳисобни очиб, Қосимов УEФА доирасидаги мусобақада гол урган биринчи ўзбекистонлик ва иккинчи осиёлик футболчи бўлиб тарихга кирган. Ушбу беллашувда Макманаман ва Реднаппнинг голлари эвазига инглизлар 2:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритган.
Қосимов 1987 йили СССР ўсмирлар терма жамоаси билан Канадада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида зафар қучган. Ўзбек футболи фахриси СССРнинг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасида сардор бўлган.
Ўзбекистон терма жамоаси сафида 67 та баҳс ўтказган ва 31 голга муаллифлик қила олган.
Ўз вақтида Темурхўжа Абдуҳолиқов Хорватиянинг "Хайдук" клубида, Баҳодир Насимов Озарбайжоннинг "Нефтчи Баку" ва Қозоғистон чемпионатида ҳам бир қатор ҳамюртларимиз фаолият олиб борган.
Фикрлар