Факт! "Сўғдиёна" бирор марта Наманганда ғалаба қозонмаган
Жорий мавсумнинг илк турида “Навбаҳор” ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасини қабул қилади. Мазкур жамоалар Ўзбекистон чемпионатларида ўзаро 50 марта учрашган. Ушбу ўйинларнинг 25 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” 18 та баҳсда зафар қучган, 7та ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 88-58, “Навбаҳор”фойдасига.
Наманганликлар ўзаро ўйинларда 82 очкони қўлга киритишган бўлса, жиззахликлар ҳисобида 58 очко мавжуд. “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” клублари ўртасидаги ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 1996 йили қайд этилган. Ўшанда “лочинлар” Наманганда жиззахликлар дарвозасига 7та жавобсиз тўп киритишган эди.
Сермаҳсуллик борасида эса 2000 ва 2014 йиллардаги учрашувлар тарихда қолган. Эътиборлиси, ўша ўйинларда дарвозаларга тўққизтадан гол урилган. 2000 йили Наманганда бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 6:3 ҳисобида зафар қучишган бўлса, 2014 йили Жиззахда ўтказилган баҳсда “Сўғдиёна” 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Ўзаро ўйинлар ҳақида факт: “Сўғдиёна” шу пайтгача “Навбаҳор” майдонида ғалаба қозона олмаган. Наманганда бўлиб ўтган учрашувларнинг 21тасида “лочинлар” зафар қучишган бўлса, қолган 4та баҳсда жамоалар дурангга имзо чекишган.
Ушбу жамоаларнинг ўтган мавсумда Наманганда бўлиб ўтган учрашувида “лочинлар” Руслан Болов ҳамда Иван Соловьёвнинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида зафар қучишганди.
Фикрлар