Фарҳод Бекмуродов: Келаси йили ҳам фаолиятимни “Андижон”да давом эттираман

“Андижон” клуби 2019 йилги мавсумни Суперлигада ўтказишидан хабарингиз бор. Бунинг учун улар жорий чемпионатда про-лигада етакчиларга хос тарзда ўйин кўрсатди ва натижада қилган меҳнатларига яраша муносиб равишда рағбатлантирилган ҳолда Суперлига йўлланмасига эга бўлди. Андижонликларнинг ўз мақсадига эришишида барча футболчиларнинг ҳиссалари бор, албатта. Лекин бу борада гап кетганда Фарҳод Бекмуродовнинг хизматларини алоҳида эътироф этсак арзийди. Шаҳрихонлик ушбу футболчи мавсумни аввалига “Локомотив” таркибида бошлаганди. У ерда бир давра тўп сургач, ёздаги трансфер ойнаси вақтида “Андижон” жамоаси уни яна ортга қайтарди ва шу тариқа Бекмуродов “Бургутлар”нинг Суперлигага йўл олишида катта ҳисса қўшган футболчиларидан бирига айланди. Шу сабабли Фарҳод аввало якунига етган мавсум тўғрисида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Жорий мавсум ўзига яраша қийин ўтди, - деб гап бошлади, Фарҳод Бекмуродов. - Иккинчи ўриндаги жамоа билан ўртамизда саккиз очколик фарқ бор эди. Бироқ шундан сўнг керакли очколарни йўқотдик. Ютишимиз мумкин бўлган ўйинларда муваффақиятсизликка учрадик. Шу тариқа қийинчиликларга учрадик. Лекин биз таслим бўлмадик ва охиригача курашдик. Натижада мавсум тугашига бир тур қолганда олдимизга қўйилган вазифани бажардик.

Айтиш мумкинки, “Андижон” жамоасининг ўз майдонида Фарғонанинг “Истиқлол” клубига қарши ўтказган ўйини ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. Натижада андижонликлар чемпионат якунига бир тур қолганида Суперлига йўлланмасини нақд қилди. Ўз навбатида Бекмуродов мазкур ўйин ҳақида ҳам эслаб ўтди.

- “Истқилол” билан учрашув ҳақида тўхталадиган бўлсам, ўша беллашувни ҳам аслида яхши бошлагандик. Бироқ ўзимиз яратган имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Рақиб эса бизга қарши асосан ҳимоядан ўйнади. Улар дарвозамиз томон битта ҳужум қилишди ва шундан фойдаланиб қолишди. Биз учун олдинда 45 дақиқа вақт бор эди. Футболчилар билан янада ҳамжиҳат бўлиб, қандай бўлмасин бор имкониятимизга ишга солиб вазиятни ўз томонимизга ўзгатирмасак бўлмасди. Ҳайриятки, меҳнатимизга яраша муҳим ғалабани қўлга кирита олдик.

Эътиборли жиҳати, ушбу ўйинчи жорий мавсумда икки марта чемпионликка эришди. Мавсумни “Локомотив”да бошлагани сабабли темирйўлчиларнинг бу йил чемпионликни қўлга киритишида ушбу ўйинчининг ҳам оз бўлса-да, ҳиссаси бўлди. Шунингдек, “Андижон” билан про-лигада қатнашиб ҳам чемпион бўлиб, Суперлигага йўл олгани ҳам ажойиб кўриниш олди. Футболчидан эса қайси чемпионлик муҳимроқ эканлиги ҳақида сўрадик.

- Мен учун иккаласи ҳам муҳим ҳисобланади. “Локомотив” клубига ҳам бефарқ эмасман. Уларнинг Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритгани билан табриклайман. Лекин “Андижон”ни Суперлигага қайтариш учун кўпроқ меҳнат қилдик. Ўз навбатида бизни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилигимни билдираман. Умуман олганда, бу йилги мавсум мен учун яхши ўтди. Мамлакатимизнинг энг кучли жамоаси

– “Локомотив” сафида дебют ўйинимни ўтказдим ва бир қатор учрашувларда иштирок этдим. Ёзда эса “Андижон”га ёрдам бериш мақсадида қайтдим. Ўтган йилги хатоларни такрорламаслигимиз керак эди. Худога шукрки, тўғри йўналишда иш олиб борганимиз сабабли Суперлигага йўлланмани қўлга киритдик.

Шу ўринда ундан “Локомотив” чемпионликни қўлга киритгач, дастлаб кимни табриклагани борасида ҳам қизиқдик.

- “Локомотив” чемпионликни қўлга киритгач, биринчи бўлиб у ерда бир хонада истиқомат қилган футболчи Идрис Бикмайкинни қутладим. Кейин бошқа футболчиларни ҳам табрикладим. Ўз навбатида “Андижон” билан Суперлигага қайтганимиз учун Ислом Тўхтахўжаев, Санжар Шоаҳмедов, Сардор Мирзаев каби ўйинчилар ҳам мени табриклашди, - дея жавоб қайтарди, Фарҳод.

Хўш, Бекмуродов келаси йили ҳам “Андижон”да ўйнашда давом этадими? Агар “Локомотив” унга яна таклиф билан чиқса қандай йўл тутади? Бу борада унинг ўзи қуйидагиларни айтди.

- Насиб қилса, 2019 йилги мавсумни ҳам “Андижон”да ўтказаман. Лекин вақти келиб “Локомотив”га қайтиш имконияти туғилса бундан фойдаланишим мумкин. Ахир ким ҳам бундай жамоада ўйнашни хоҳламайди?!

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.