Фарҳод Мираҳматов: "Пахтакор"дан таклиф? Бу ёлғон. Олдимда 100 фоизлик вариантлар бор, фақат...

Жорий мавсумда “Андижон”нинг энг яхши футболчиси дея аталаётган чап қанот ҳимоячиси Фарҳод Мираҳматов маҳаллий мухлисларнинг меҳрини қозонди.

Ҳозирда кўпчилик унинг келаси мавсумни бошқа жамоада ўтказиши борасида тахминларни илгари суряпти. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда Мираҳматовни у ёки бу клубга ўтяпти, деган хабарлар ҳам тарқалмоқда. Sports.uz мухбири Фарҳод билан боғланди ҳамда вазиятга ойдинлик киритди 

-  Ҳа, менга бир қатор клублардан қўнғироқлар бўлди, - деб гап бошлади Мираҳматов. - “Андижон” билан тузган шартномам 31 декабргача. Лекин унгача Андижонга бориб клуб раҳбарлари билан гаплашиб олмоқчиман. Янги мавсум учун қандай режалар тузилаётганини, шароитлар қанақа бўлишини раҳбарлар билан гаплашгач, агар ҳаммаси маъқул келса, “Андижон”да қолишим ҳам мумкин. Мабодо, тўғри келмаса кетаман. Бу – футбол. Яхши таклифлар бўлса, ҳамма ўша клубга кетади деб ўйлайман. Олдимда 2-3 та жамоалардан 100 фоиз таклифлар турибди. Лекин ўзимдан-ўзим бўлди, сизларга қўшиламан дея олмадим. Негаки, барибир “Андижон” клубидан берухсат кета олмайман. Кетадиган бўлсам ҳам раҳбарлар билан кўришиб, дўстона равишда хайрлашмоқчиман. Ахир ўзимдан-ўзим кетиб қолмайман. Андижонда учинчи йил тўп суряпман. Менимча, янги йилгача кўп масалага ойдинлик киритилса керак.

мирахматов2

“Пахтакор”дан таклиф? Йўқ, бу ёлғон. Эрталаб уйғонсам, уйимдагилар сени “Пахтакор”га чақиришдими, деб сўрашди. Йўқ, қаердан олдинглар бу хабарни десам, интернетга киргин, дейишди. Қарасам, “Пахтакор” таклиф қилди, деб ёзишибди. Аммо бундай эмас, “Пахтакор”дан менга чақирув бўлгани йўқ. 

Биринчи даврада АГМК клуби қизиққанди. Иккинчи даврада ҳам бир гаплашиб кўрдик. Аммо улар чап қанот ҳимоясига бошқа футболчини олишга қарор қилишибди. Бундан хафагарчилик йўқ. Бу – футбол, бу – ҳаёт. Лекин рост, АГМКдан қизиқиш бўлдию, бироқ 100 фоизга жамоамизда ўйнайсан, деган гап бўлмади. АГМКга қарши ўйинимиздан кейин мураббий ёрдамчиси ёнимга келиб, нечанчи йилсан, деб сўраб кетганди.

Қайси клублардан таклифлар бўлаётганини айтиш тўғри деб ҳисобламайман. Чунки буни ҳали айтиш шарт эмас. Балки мен “Андижон” жамоасида қолишим ҳам мумкин. Буни Худо билади. Ҳали клуб раҳбари билан учрашмадим, ҳаммасини гаплашиб олган бошқа, барибир. Сизга таклиф билан чиққан клубларни айтишим нотўғри. Негаки, ҳали шартнома тузмадим.

мирахматов

Ушбу мавсум ҳақида? 2020 йил бутун дунёга оғир келди, деб ўйлайман. Бизнинг жамоамизда ҳам қийин бўлди. Мавсум давомида тўртта мураббий билан ишладик. Бу тўрт хил услуб, тўрт хил дунёқараш дегани. Мураббийларнинг кўрсатмаларини майдонда бажаришга ҳаракат қилдик. Лекин кўрган бўлсангиз, чемпионат ярмидаёқ етакчиларимиз клубдан кетишди. Натижада 12 нафар футболчи билан ўйнашга мажбур бўлдик. Қолганлар эса ёшлар. Улар ҳали катта ўйинларга тайёр эмас. Барибир ҳаммага раҳмат айтмоқчиман. Қийинчиликларга чидаб охирида жамоани Суперлигада сақлаб қолдик, - дея сўзини якунлади, футболчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!