Фарҳод Нишонов: "Чиройли футбол ўйнасангиз ҳеч ким 3 очко бермаяпти"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Про лиганинг 8-турида “ФарДУ” ва “Олимпик Мобиуз” учрашувида 2:1 ҳисоби билан мезбонлар ғалаба қозонди.

Ушбу ўйиндан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббифи Фарҳод Нишонов фикрлари билан ўртоқлашди.

- “ФарДУ”ни ғалаба билан табриклайман. Кейинги учрашувларига омад тилайман. Ўйин қизиқарли бўлди. Тезкор гол ўтказиб юбордик. Иккинчи таймда биринчи таймга нисбатан тезкор футбол бўлди, иккала жамоа ҳам ҳаракат қилди. Бизда ҳам кўп вазиятлар яратилди. Иккинчи тайм охирига келиб деярли футбол кўрмадик. Чунки тўхталишлар барибир ўйиннинг темпига таъсир қилди. Рақиб ғалаба учун ҳаракат қилди ва мақсадига эришди.

- Ўзгаришлар асосан ўйин охирида амалга оширилди. Бунга сабаб нима?

- Вазиятдан келиб чиқиб. Биз гол урмоқчи эдик. “ФарДУ” иккинчи таймда бутунлай ҳимояда ўйнади. Биз кўп ҳужумлар ташкил қилдик. Бундай вазиятларда гол урмасак, билмадим қандай қилиб ютиб бўлади? Ишимиз футболчиларга йўналиш бериш, уларни ривожлантириш ва тўғри йўлни кўрсатиш. Катта устунликка эришяпмиз, аммо натижа йўқ. Футболда натижа бўлмаса ҳеч қанақа ўйнашдан ҳам, ҳаракат қилишдан ҳам фойда йўқ.

- Иккинчи бўлимда дарвозабон асосан охирги ҳимоячи ролида ўйнади. Бу сизни кўрсатмангизмиди?

- Айтяпман-ку, “ФарДУ” иккинчи бўлимда бутун жамоа бўлиб ҳимояда ўйнади. Вақт чўзишяпти, олдинга қараб тепишяпти. Бизга гол керак эди. Бутун жамоа бўлиб ҳужумга ўтдик. Охирги дақиқаларда ҳимоячиларимизни ҳам ҳужумга қўшдик. Агар вазиятларимиздан фойдаланганимизда мақсадимизга эришган бўлардик. Лекин иш бермади.

- Мураббий сифатидаги мақсадингиз қандай? Жамоангиз про лигада кучли рақибларга қарши тажриба тўплашми ёки натижа?

- Биласизми, футболда натижа бўлмаса мақсадсиз иш бўлади-да. Ҳар бир мураббий ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишни, чемпион бўлишни хоҳлайди. Ҳа, ишимизда футболчини ривожлантириб беришимиз керак. Бироқ ғалаба қозонмасак ҳеч нарсадан фойда йўқ. Сифат ҳам, натижа ҳам бўлиши керак. Шу иккаласи бўлмаса ишлашдан фойда йўқ, деб ўйлайман. Шунча тайёрланяпмиз, ўйинчиларни тайёрлаяпмиз, яхши жамоалардан таклиф бўлса қўйиб юборяпмиз. Лекин бизни ҳам оиламиз, яқинларимиз бор. Биз ҳам ҳар доим стресс, босимда яшаймиз. Деярли оиладан узоқлашиб кетяпмиз. Сабаби натижа муҳим. Агар сиз ютсангиз сизни эслаб қолишади, ютқазсангиз ҳеч ким эсламайди. Шу боис ҳар бир баҳсда ғалаба қозонишни хоҳлардим. Ўйинчиларда ҳам мана шу руҳ, ютиш маданияти ривожланиши керак. Чиқиб яхши ўйнадик, ютқаздик, вазиятлардан фойдалана олмадик, деб кетса эртага бизни шарманда қилади. Орқасида ватан туради. Чиройли футбол ўйнасангиз ҳеч ким уч очко бермаяпти. Курашиш керак, ғалаба қозониш зарур. Футбол натижаларга боғланган, агар натижа бўлса клубда ҳамма нарса бўлади. Кимлардир тажрибасизлик қиляпти, кимларгадир агрессия етишмаяпти. Ютиш маданияти етимшаяпти. Вақти келиб ҳаммаси яхши бўлиб кетади.

- Абдуғофур Ҳайдаров қанчалик жамоангизга мослашиб кетди?

- Тўғриси, у ҳали биз кутган формада эмас. Мақсади агар яхши даражага қайтиш бўлса, ўз устида ишлаши керак. Ҳозирги ҳолати ва ҳаракатлари футболчи учун етарли эмас. Ҳар доим Суперлигада ўйнаб келган, терма жамоалардан чақирув олган. Охирги пайтларда эса спорт формаси юқори даражада эмас. Шу боис терма жамоада ҳам кўринмаяпти. Унда ҳужумчига хос ҳамма нарса бор. Аммо шунча ўзига берилган сифатлардан ҳали фойдаланмаяпти. Таркибимизда юлдузлар йўқ, ҳамма бир хил. Жамоавий ўйин ҳисобига ўйнаяпмиз. Имкониятлардан нега фойдалана олмаяпмиз, чунки лидер ўйинчи етишмаяпти. Қийин вазиятда ўзига оладиган футболчи йўқ, ишонч етишмаяпти. Кўрган бўлсангиз, Ҳайдаровда ҳам кўп вазиятлар бўлди. Агар у имкониятларидан фойдаланмаса яхши ҳужумчи ҳисобланмайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!