Файзуллаев чарчади...

Янги чемпионатда совринли ўринларга даъвогарлик қилиши кутилаётган ЦСКА жамоаси етакчиси Аббосбек Файзуллаев учун мавсум оғир бошланди.

20 ёшли ҳужумкор ўйинчимиз юқори спорт формасига чиқишга қийналди. Бир нечта учрашувда самарали ҳаракатларни амалга ошира олмади. “Армиячилар”нинг олдинги чизиқдаги сермаҳсуллиги креатив легионеримизга боғлиқ эканлиги туфайли Файзуллаевнинг ўйинидаги пасайиш умумий натижага ҳам таъсир қилди.

Футболчилик даврида ЦСКАда ўйнаган ва ҳозир футбол эксперти сифатида ўз қарашларига эга бўлган Валерий Масалитин ўзбекистонлик чарм тўп устасининг ҳозирги ҳолатини қуйидагича баҳолади.

- Аббосбек Файзуллаев ЦСКАга кўчиб ўтганидан бери мунтазам терма жамоа йиғинларига боришига тўғри келмоқда. У ҳали етарли даражада дам олгани йўқ, ҳар доим тонусда юришига тўғри келяпти.

Ёзги Олимпия ўйинларидан кейин Аббосга яхшилаб ҳордиқ чиқариши учун ҳеч бўлмаганда 2-3 ҳафта вақт бериш керак эди. Кейин унинг жисмоний ҳолатини яхшилаш бўйича иш олиб бориш мақсадга мувофиқ бўларди. Лекин бундай қилинмади.

Файзуллаев ҳали ёш, бундай оғир юкламаларни кўтара олади, лекин барибир чарчоқ борлиги сезилиб турибди. Ўзбек футболчисининг ўйинида аввалги енгиллик йўқолди, унга хос бўлмаган ортиқча ҳаракатлар пайдо бўлди. Бу толиқиш борлигидан далолат беради. Аббос биринчи навбатда психологик томондан ўзини тиклаб олиши керак, - деди Валерий Масалитин.

Яқинда Россия кубоги гуруҳ босқичида ЦСКА футболчилари Аббосбек Файзуллаевнинг иккита голли паси туфайли ҳали енгилмаган “Краснодар”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу беллашувда легионеримиз формасини тиклаб бораётганини кўрсатди.

Баҳсда ҳамюртимизга қарши ўйнаган “Краснодар” таркибидаги Уругвай терма жамоаси ҳимоячиси Лукас Оласа ҳам Файзуллаев ҳаракатларига баҳо берди.

- ЦСКА ва “Краснодар” учрашувида Аббосбек Файзуллаев анча яхши ўйнади. Лекин у менга кўп ва жиддий муаммо туғдирди, деб айта олмайман. ЦСКА гол урганидан кейин ҳисобни ушлаб қолишга эътибор қаратди, - деди Лукас Оласа.

Аббосбек Файзуллаевнинг ўзи жорий мавсумдан умиди катта эканини айтмоқда.

- Биз Россия кубогида ҳам, Премьер-лигада ҳам чемпионлик учун курашамиз. Таркибимиз бу ишни уддалашга лойиқ даражада. Охирги учрашувларда ҳаракатларимиз ижобий томонга ўзгариб бормоқда, ўйинимиз яхши ўхшаяпти.

Аввал айрим учрашувларда ҳал қилувчи паллаларда ҳужумни самарали якунлаб, гол уролмаётган эди. Бу камчилик устида ҳар бир машғулотда ишлаяпмиз. Ҳужумдан ташқари, ҳимоямиз ҳам кучли, ҳимоячиларимиз ҳам гол уришни билади, - деди Аббосбек Файзуллаев.

Аббосбек Файзуллаев ЦСКАга “Пахтакор”дан 2023 йилнинг августида трансфер қилинган. Шундан бери “армиячилар” сафида барча турнирларда жами 43 та учрашув ўтказиб, бешта гол ва 18 та ассист қайд этди ва тўрт маротаба сариқ карточка олди.

Легионеримизнинг Москва клуби билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ярмигача тузилган. Томонлар ўзаро келишувга кўра, ҳамкорликни яна бир мавсум узайтириш ҳуқуқига эга.

 Шомуродовнинг голи уни қутқара олмади! Даниэле Де Росси ишдан ҳайдалишига жиддий сабаблар бор экан

Ҳусанов қаерда ўйнайди?

Файзуллаев мухлисларига яхши хабар!
Файзуллаев: Менга шуниси муҳим, "Зенит" эмас!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!