Ҳусанов қаерда ўйнайди?

Франция чемпионатида юқори ўринлар учун курашаётган “Ланс”да қизиқ ҳолат вужудга келди. Лансликларнинг энг кучли позицияси ҳимоя чизиғи ҳисобланади.

“Ланс” раҳбарияти ҳимоячиларга етакчилик қилиб келаётган Кевин Дансони анчадан бери мўмай пулга трансфер қилишга тайёргарлик кўриб келади.

Францияликлар австриялик ўйинчини 2021 йили Германиянинг “Аугсбург” жамоасидан 5,5  миллион еврога харид қилган. Айни пайтда Дансонинг нархи 25 миллион еврога кўтарилди. Ҳимоячини сотиб юбориш учун жуда яхши нарх. 25 ёшли ўйинчининг бундан буён трансфер суммаси яна кўтарилиши даргумон.

“Ланс” Кевиннинг кетишига тайёргарлик кўриб қўйган. Клуб 2023 йилнинг ёзида Абдуқодир Ҳусановни Дансонинг ўринбосари сифатида трансфер қилди. Легионеримиз дебют мавсумида ҳар қандай ҳимоячи ўрнини босишга қодирлигини намойиш эта олди.

Ниҳоят, бу галги ёзги трансферлар ойнасида лансликлар кутган таклиф тушди. “Рома” Дансони кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан ижарага олди. “Ланс” катта трансфердан умидвор бўлиб, Дансони Римга жўнатди.

Шу тариқа, Абдуқодир Ҳусановнинг асосий таркибда муқим ўйнашига йўл очилди. Лекин кутилмаганда Кевин Дансо “Рома”да тиббий кўрикдан ўтолмади. Юрагида муаммо борлиги аниқланди. Ўйинчи ортга қайтди.

Энди “Ланс” мураббийлар штаби олдида янги масала пайдо бўлди. Жамоа аксарият ҳолатларда уч ҳимоячи билан ўйнайди. Дансо сафга қайтганидан кейин Абдуқодир Ҳусановнинг асосий таркибдаги ўрни нима бўлади? “Ланс” кейинги учрашувларда жамоанинг энг зўр ўйинчиси бўлиб келаётган ўзбек легионерини ёш бўлгани учун яна захирага михлайдими? Балки Ҳусановнинг кўп қиррали ҳимоячи эканини инобатга олиб, позициясини ўзгартириш керакдир?

Хуллас, мураббийлар штаби Ҳусановни бақувват ва тезкор ҳарбий машинага ўхшатган бош мураббий Уилл Стилл раҳбарлигида шу саволларга жавоб топиши керак.

Клуб фаолиятини ёритиб келаётган lensois.com сайти бу борада дарров ашаддий мухлислар фикрини ўрганишга киришди. Сайт экспертлари футбол ишқибозлари олдига бир неча саволлар қўйиб, овоз бериш орқали уларнинг Ҳусанов бўйича фикрини ўрганди.

Натижалар қуйидагича бўлди:

  • Ҳусановни уч кишилик ҳимояда марказдан икки қанотдан бирига олиш керак: 42,31 фоиз овоз.
  • Ҳусанов бемалол Дансо билан рақобатлаша олади ва унинг ўрнини эгаллаши керак: 35,49 фоиз овоз.
  • Ҳусанов яна захирага қайтарилади ва зарур пайтда бошқа ҳимоячиларнинг ўрнига майдонга тушади: 22,2 фоиз овоз.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов бу мавсум Франция чемпионатида тўртта, УЕФА Конференциялар лигасида иккита учрашувда иштирок этиб, бу баҳсларнинг аксариятида мухлису мутахассислар ишончини оқлади.

Суперўйин кўрсатган Файзуллаев қандай баҳоланди, Аббос ғалабадан кейин нималар деди?

Файзуллаев жамоага ғалаба келтириш қандай бўлишини кўрсатиб қўйди!

Машҳур мураббий Шомуродовга эмас, Роналдуга устозлик қиладиган бўлди!

Шомуродовни "Рома"да олиб қолган мураббий нега ишдан олинди?

Ҳайратдамиз, Ҳусанов бу гал ҳам боплади! Франциялик мухлислар легионеримиз ҳақида яна нималар деди?

“Ланс”: Улар Ҳусановни танлашди! Абдуқодир Манчестерга 60 миллион еврога кетган Лени Йородан анча кучли...

Ана холос: “Рома”ни Шомуродовни яхши кўрадиган мураббий бошқариши мумкин!

Файзуллаев нега зўр ўйнай олмаётгани сабабини айтишди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!