Файзуллаев кутилмаган "синов"ни қандай енгиб ўтди?
Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигасининг энг ёрқин ўйинчиларидан. “Пахтакор” тарбияланувчиси легионер сифатидаги дебют мавсумида ажойиб ўйин кўрсатди.
20 ёшли футболчимиз ЦСКАнинг жорий мавсумдаги энг зўр ассистенти ва бу кўрсаткич бўйича чемпионатда кучли бешликдан ўрин олган. Гол+пас тизими бўйича очко жамғаришда жамоада фақатгина Фёдор Чаловдан кейин иккинчи кўрсаткичга эга.
Истеъдодли футболчимиз журналистларга интервью берди. Легионеримиз қишки танаффусдан кейин ЦСКА асосий таркибига кира олмай қолганини изоҳлади.
Sports.uz портали ушбу суҳбатни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
— Март ойида мулоқот қилганимизда суҳбат жуда қисқа бўлганди. Нега бошланғич таркибда йўқлигингни сўраганимизда “бу савол бош мураббийга”, деб жавоб қайтаргандинг. Энди бу ҳолатни хотиржам муҳокама қилиб, вазиятга ойдинлик киритишни истаймиз. Ўшанда захирага тушиб қолганингни қандай қабул қилгандинг?
— Хотиржам. Ҳар қайси футболчи захирада ўтиришни истамайди, кўпроқ ўйнагиси келади ва мен ҳам бундан мустасно эмасман.
Ҳар доим жамоага кўпроқ ёрдам беришни хоҳлайман, лекин баъзан бунақа вазиятлар ҳам бўлиб туради.
—Сиқилдингми?
— Балки шундай бўлгандир. Лекин ўйин вақтимни қайтиб олганимдан кейин яна ўзимга бўлган ишончим ортганини ҳис қилдим.
— Шунга қарамай, нега март ойида Владимир Федотов ишончини йўқотиб қўйдинг?
— Мен йиғинларнинг катта қисмини ўтказиб юбордим. Қишда жамоа билан кам вақт бўлдим. Бош мураббий яна жамоага киришиб кетишимни кутди. Бирданига киришиб кетиш ўхшамади.
Аббосбек Файзуллаев жорий мавсумда Россия Премьер-лигасида 21 та ўйинда ўз ҳисобига тўртта гол ва еттита ассист ёздириб қўйди. Россия кубоги доирасида 10 та учрашувда битта гол ва учта голли пас муаллифи бўлди.
Легионеримиз ЦСКА сафида чемпионатда “Ростов”, “Динамо Москва”, “Факел” ва “Рубин”, кубок мусобақасида “Балтика” жамоаси дарвозасини ишғол қилди.
Фикрлар