Легионеримиз Парижда чемпион бўлмоқчи!
Умарали Раҳмоналиев ўзбек футболи мактабининг энг иқтидорли тарбияланувчиларидан ҳисобланади.
20 ёшли ярим ҳимоячи 2023 йилнинг январь ойидан Россия Премьер-лигаси вакили “Рубин” аъзоси ҳисобланади.
Легионеримиз Премьер-лиганинг 29-турида “Спартак”га қарши ўтказилган учрашувни бошланғич таркибда бошлади. Москваликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган баҳссдан кейин Умарали Раҳмоналиев metaratings.ru сайти журналисти саволларига жавоб қайтарди.
Sports.uz портали ушбу суҳбатни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
— Бизга яратилган вазиятлардан унумли фойдалана олиш қобилияти етишмади, ҳимояда яхши ўйнадик, лекин шунга қарамай, рақибнинг учала голига ҳам ўзимиз сабабчимиз, “Спартак” фавқулодда ҳеч нарса ярата олгани йўқ, - деб ўйлайман.
— Бош мураббий Рашид Раҳимов клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Бу сизларга босим ўтказмадими?
— Биз бу ҳақида ҳеч нарса билмаймиз, бор эътиборимизни 30-турда “Сочи”га қарши бўладиган учрашувга қаратганмиз. Шахсан мен учун Раҳимов билан ишлаш қулай.
— Клуб билан Олимпиадага боришингиз ҳақида гаплашиб олдингизми?
— Ҳозирча йўқ. Клуб билан ҳали гаплашиб оламиз. Терма жамоада ўйнар экансиз, бу ҳар доим қандайдир тажриба бўлади.
— Футболдаги орзунгиз қандай?
— Клуб билан имкон қадар юқорига кўтарилиш. Терма жамоадаги орзум эса, Париждаги Олимпия ўйинларида ғолиб чиқиш.
— Бунинг имкони борми?
— Албатта!
Умарали Раҳмоналиевнинг “Рубин” билан шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар давом этади. 20 ёшли ярим ҳимоячи жорий мавсумда клуб миқёсида барча турнирларда 16 маротаба майдонга тушди. Transfermarkt портали легионеримизни 600 минг еврога баҳоламоқда.
Фикрлар