Ҳусановнинг жамоасига Шомуродовнинг шериги келди
“Ланс” ўтган мавсум юқори ўринлар учун курашган бўлса-да, чемпионатни еттинчи ўринда якунлади. Лансликлар Еврокубокларнинг учинчи мусобақаси – УЕФА Конференциялар лигасида иштирок этадиган бўлди.
Бундан ташқари, жамоа яна совринли ўринлар учун курашишини таъминлаш мақсадида клуб раҳбарияти томонидан бош мураббий алиштирилиб, “Ланс”ни Уилл Стиллга топширишди. Тажрибали бу мутахассис жамоани жиддий ўйинларга пухта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
“Ланс” ёзги трансферлар мавсумида анча фаол ишламоқда. Ҳозиргача, Бразилиянинг “Баия” клубидан чап қанот ҳимоячиси Жоаннер Чевес, Бельгиянинг “Шерларуа”сидан дарвозабон Херве Коффи, Венгриянинг “Дебрецен” жамоасидан таянч ярим ҳимоячи Хамзат Ожедиран, “Челси”дан марказий ҳимоячи Маланг Сарр каби ўйинчилар олиб келинди.
Янги мавсум олдидан “Ланс” яна бир жиддий трансферга қўл урди. Франция клуби таркибига Италиядан анголалик ҳужумчи Мбала Нзола келиб қўшилди. Лансликлар бу тўпурарни “Фиорентина”дан кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди.
Агар 27 ёшли футболчининг ҳаракатлари мураббийлар штабига маъқул келса, лансликлар африкалик форвардни келаси ёз 13 миллион еврога трансфер қилиши мумкин бўлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Мбала Нзола бир ярим йил муқаддам А Серияда Элдор Шомуродов билан “Специя” жамоаси шарафини биргаликда ҳимоя қилган.
Ўшанда Нзола чемпионатда 31 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 13 маротаба ишғол қилган ва жамоасининг энг яхши тўпурари бўлганди. Элдор Шомуродов бу жамоадаги ярим мавсумлик фаолияти давомида 15 та ўйинда битта тўп киритганди.
Кейинчалик Нзола жиддийроқ клуб таклифини қабул қилди. Флоренцияликлар катта умидлар билан бу ҳужумчини 12,6 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Янги жамоада тажрибали чарм тўп устаси кутилган натижани қайд эта олмади. А Серияда 33 та ўйинда майдонга тушган Нзола “Кальяри”, “Удинезе” ва “Наполи” дарвозаларига биттадан гол ура олди холос.
Анголалик футболчининг самарадорлиги паст бўлгани учун “Фиорентина” бир мавсумдан кейин уни “Лнас”га қўйиб юборишга қарор қилди.
Энди Нзола янги иш жойида яна бир ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов билан ўйнайди. 20 ёшли марказий ҳимоячи ўтган йили Беларусь чемпионати вакили “Энергетик-БГУ” жамоасидан “Ланс” сафига кўчиб ўтганди.
Абдуқодир Ҳусанов дебют мавсумидаёқ Лига 1, Европа Чемпионлар лигаси ва Европа Лигаси мусобақаларида иштирок этишга муваффақ бўлди ҳамда ёш футболчининг ҳаракатлари мухлису мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди.
“Ланс” янги мавсумдаги илк учрашувини 18 август куни Франция чемпионатининг биринчи турида сафарда “Анже” футболчиларига қарши ўтказади.
Шунингдек, Уилл Стилл шогирдлари 22 августда УЕФА Конференциялар лигасидаги юришини ҳам бошлайди. “Ланс”га Грециянинг “Панатинаикос” ва Нидерландиянинг “Аякс” жамоалари ўртасидаги баҳсда ғолиб чиққан жамоа рақиблик қилади.
Шомуродов бу жамоага ўтса, мухлислар уни кечирмайди!
Фантастик жанглар ўтказган Дўсматовни дунёнинг энг зўр боксчиси, деб топишди
Фикрлар