ФИДЕ расман Ўзбекистон президенти сахийлигига муносабат билдирди
Халқаро шахмат федерацияси — ФИДЕ матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон шахмат терма жамоаси аъзоларини Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тақдирланиши ҳақида хабар эълон қилди, дея ёзади Sports.kz.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ФИДЕ томонидан ўтказилган 46-Жаҳон шахмат олимпиадаси ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасидаги 3-Жаҳон шахмат олимпиадасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган миллий терма жамоалар аъзолари, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.
Махсус тантанали маросим давомида чемпионлар ва совриндорлар давлат мукофотлари билан тақдирланди, шунингдек, уларнинг ютуқларини эътироф этиш рамзи сифатида Президент томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди», — дейилади ФИДЕ’нинг расмий инстаграм саҳифасидаги хабарда.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида мезбон Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 11 турдан 10 тасида ғалаба қозониб, жами 20 жамоавий очко тўплади ва олтин медаллар ҳамда Гамильтон-Рассел Кубогини қўлга киритди. Ушбу тарихий ютуқни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Президенти жамоанинг беш нафар асосий таркиб ўйинчилари — Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Якуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Мухиддин Мадаминовни алоҳида рағбатлантирди.
Шахматчиларга қуллай шароитларга эга коттеж (уй-жой), Volkswagen русумли енгил автомобиль, 200 минг доллар миқдорида йирик пул мукофоти, шунингдек, юксак давлат орденлари ва фахрий унвонлар тақдим этилди.

Фикрлар