ФИФА жаҳон чемпионати учун янги тақиқ киритди
ФИФА раҳбарияти АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган 2026 йилги жаҳон чемпионати учрашувларида мухлисларга стадионга пластик сув идишларини олиб киришни тақиқлади.
Турнир давомида стадионга сув солинган пластик идишларни олиб кириш мумкин бўлмайди. Ушбу ўзгариш ФИФА регламентига трибуналардан майдонга турли буюмларни отиш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган жароҳатлар хавфини камайтириш мақсадида киритилди.
Бу тақиққа қадар ҳажми бир литргача бўлган шаффоф пластик идишларни стадионга олиб киришга рухсат берилган эди.
- Биз барча футболчилар, ҳакамлар, мухлислар, кўнгиллилар ва ходимларнинг соғлиғи ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилишга интиламиз. ФИФА ҳар бир шаҳар ташкилий қўмитаси ва маҳаллий ҳокимиятлар билан стадионларга келадиган мухлислар учун ҳарорат таъсирини камайтириш чоралари бўйича яқин ҳамкорлик қилмоқда.
Бу чоралар туманлатиш станциялари, вентиляторлар, ичимлик суви нуқталари, совутиш палаткалари ва стадион ҳудудидаги бошқа қулайликларни ўз ичига олиши мумкин, - дейилади ФИФАнинг расмий баёнотида.
Янги тақиқ фақат сув солинган пластик идишларни ташқаридан олиб киришга тааллуқли. Стадион ичида эса томошабинлар учун махсус ичимлик сотиладиган савдо нуқталари ташкил этилади ва у ердан сув харид қилиш мумкин бўлади.
ФИФА маълум қилишича, стадионларда сотиладиган сув нархи барча ареналарда бир хил бўлади.

Фикрлар