ФИФА ЖЧ-2026 бюджетини қисқартирди
ФИФАнинг 2024-йилги йиллик ҳисоботида 2023 йилдан 2026 йилгача бўлган давр учун прогноз қилинган бюджет тақдим этилган бўлиб, унга кўра, жаҳон чемпионатини ўтказиш учун операцион харажатлар 1,12 миллиард долларни, мукофот тўловлари ва телевизион операцияларни ўз ичига олган умумий бюджет эса 3,756 миллиард долларни ташкил этади.
Операцион харажатлар сифатида "техник хизмат кўрсатиш" учун 280 миллион доллар, транспорт учун 159 миллион доллар, қўриқлаш учун 145 миллион доллар ва меҳмонлар билан ишлаш учун 79 миллион доллар ажратиш режалаштирилган эди.
Бироқ, The Athletic нашрининг тўртта манбага таяниб хабар беришича, харажатлар 100 миллион доллардан кўпроққа қисқартирилган. Бу ҳақда ФИФАнинг Швейцариядаги бош қароргоҳидан тегишли кўрсатма келиб тушган.
"ФИФА имкон қадар кўпроқ даромадни бутун дунё бўйлаб футбол ривожига сармоя қилиш учун харажатлар устидан назоратни таъминлаш мақсадида бюджет самарадорлигини доимий равишда қайта кўриб чиқади. Бу ҳеч кимни ажаблантирмаслиги керак, чунки одатда барча турнир ва тадбирларимиз олдидан бюджет қайта кўриб чиқилади.
Бюджет самарадорлигининг ошиши ФИФАдаги президентлик сайловлари билан боғлиқлиги ҳақидаги баёнотлар ғирт уйдирмадир", - дея вазиятга изоҳ берди ташкилот вакили.
Фикрлар