ФИФА клубларга 185 миллионлик тўловларни ҳали ҳам тақсимлаб бермади
ФИФА ҳали ҳам ўтган ёзда АҚШда бўлиб ўтган Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан (КЖЧ) сўнг ваъда қилинган солидар (бирдамлик) тўловларини тақсимламади.
Дунё бўйлаб клублар ўртасида ўтган йилги КЖЧдан кейин ФИФА томонидан ваъда қилинган 185 миллион фунт стерлинг миқдоридаги солидар компенсацияларининг кечикиши сабаб норозилик кучаймоқда, деб хабар беради The Гуардиан.
Турнирда иштирок этмаган клубларга ушбу суммадан улуш берилиши ваъда қилинган эди. Агар маблағ тенг тақсимланганида, ҳар бир олий лига клубига тахминан 50 минг фунт стерлингдан тўғри келган бўларди. Бироқ турнир якунланганидан бери етти ойдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, пуллар ҳали тўланмаган ва уларни қачон тақсимлаш масаласи ҳам номаълумлигича қолмоқда. Маълум қилинишича, ФИФА ҳали ушбу маблағларни қандай тақсимлаш бўйича аниқ қарорга келмаган.
Ҳозирча бу пуллар умуман тўланмай қолади, деган асос йўқ. Аммо кичик лигалардаги клублар айниқса сабрсизлик билан кутмоқда. Маълумотларга кўра, мукофот пуллари сифатида ажратилган 740 миллион фунт аллақачон тақсимлаб бўлинган. Турнир ғолиби — “Челси” қарийб 84 миллион фунт ишлаб топган.
Европада ФИФА тўловларни тақсимлашнинг якуний формуласини қабул қилишни атайлаб чўзаётгани ҳақида фикрлар мавжуд. Айрим ҳолларда ташкилот бу масала бўйича учрашувларни ортга сурган, деб ҳисобланмоқда. Шу билан бирга, ўтган йили КЖЧ даромадларининг қарийб 13 фоизи солидар тўловлар учун ажратилиши бўйича келишувга эришган European Club Association билан мулоқот бир неча ойдан бери давом этмоқда.
Баҳсли масалалардан бири — 185 миллион фунтни турнирда нотекис тарзда вакиллик қилган олтита конфедерация ўртасида қандай тақсимлаш йўлиси йўқлигидир. Амалда клублар бир хил миқдорда маблағ олиши эҳтимолдан йироқ. Бундан ташқари, кўпчилик конфедерацияларда бундай тўловларни тақсимлаш механизми ҳам мавжуд эмас.
Таъкидланишича, мукофот пуллари ва солидар тўловлар турнир бошланишидан атиги уч ой олдин келишиб олинган. Бу 2024 йил декабрь ойида DAZN платформаси билан мусобақанинг барча ўйинларини бепул трансляция қилиш бўйича 787 миллион фунтлик келишувга эришилгандан сўнг амалга оширилган.
Фикрлар