FIFA Про-лига клубимиздан трансфер тақиқини олиб ташлади

FIFA "Машъал"нинг трансфер таъқиқини бекор қилди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.

2022 йилнинг 11 апрелида FIFA Низоларни ҳал этиш палатаси “Машъал” футбол клуби ва унинг нигериялик собиқ футболчиси Ифеанйи Ифеанйи ўртасидаги низоли вазият юзасидан қарор чиқарган эди. Унга кўра, “Машъал” футбол клуби зиммасига футболчи олдидаги белгиланган қарздорлик ва жарима тўловларини 45 кун мобайнида тўлаш мажбурияти юклатилган.

Агар мазкур мажбуриятлар клуб томонидан ўз вақтида бажарилиши таъминланмаса, клубга нисбатан миллий ва халқаро миқёсда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйилиши ҳақида огоҳлантириш берилган.

Бироқ клуб бу борада хабардор этилган бўлса-да, ушбу низоли вазиятни ҳал этмаган ва шу муносабат билан FIFA 2022 йил 9 августдан эътиборан “Машъал” футбол клубига нисбатан трансфер тақиқини белгилаганди.

Муборакликлар куни кеча нигериялик собиқ футболчиси олдидаги қарздорлик масаласини ҳал этди ва FIFAга трансфер тақиқини олиб ташлаш бўйича мурожаат юборилди. 13 февраль куни футболчи тўлов амалга оширилганини тасдиқлади ва FIFA “Машъал” футбол клубидан трансфер тақиқини олиб ташлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!