Филипосянни Қўқондаги фаолияти қандай ўтди? Кейинги режалари қанақа? Янги чақирувлар борми? Суҳбатда нималар деди?

Тажрибали ҳимоячи Артём Филипосян ўтган йили биринчи даврада Суперлигада “Сурхон”, иккинчи даврада эса про лигада “Қўқон-1912”да тўп сурганини биласиз. У клубда қоладими ёки бошқа жамоага ўтадими? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида у билан боғландик.

- Дастлаб, ортда қолган йил ҳақида сўрамоқчиман. Сиз учун қандай ўтди?

- Аввало, барчани кириб келган янги йил байрами билан табриклайман. 2023 йил мен учун яхши ўтди. Бошида Суперлига жамоасида эдим, кейин “Қўқон-1912”дан таклиф келиб тушди ва про лигада давом эттирдим.

- "Қўқон-1912"даги фаолиятингизни бу йил ҳам яна давом эттирасизми?

- Ҳозирча уйдаман. Янги йилни уйдагилар билан бирга ўтказдим. Қўқон жамоаси билан шартномам тугади. Нима бўларкин, кўрамиз. Балки бошқа клубда ўйнарман.

артём_3

-  Вақт олий ҳакам дейишади. Фаолиятингизни якунлаш ҳақида ўйламаяпсизми? Умуман, яна неча йил тўп сурмоқчисиз?

- Ҳозир мен 35 ёшдаман. Ўзимда куч ва ишонч бор. Кучим ҳам етарли, футбол ўйнаяпман. Кучим етмаса ўшанда кўрамиз. Неча йил футбол ўйнашимни вақт кўрсатади. Европада футболчилар 40 ёшгача бемалол ўйнашяпти. Ўзимизда ҳам мисоллар бор. Жасур Ҳасанов, Анзур Исмоилов ва Виталий Денисов...Ҳаммаси яхши ўйин кўрсатишяпти. Айтганимдек, вақт кўрсатади, асосан жароҳатлар бўлмасин.

- Ҳозирда янги чақирувлар борасида нима дея оласиз? Вариантлар борми?

- Ҳозирча уйдаман. Таклифларга келадиган бўлсам, оғзаки гаплашганмиз. Кўрамиз, нима бўларкин?

артём4_1

- Демак, сизни Қўқондан кетди десак бўладими? Улар билан бу ҳақида гаплашдингизми?

- “Қўқон-1912” жамоаси билан тузган шартномам тугади. Ҳали ҳеч ким билан гаплашмадим.

- Тез орада Осиё Кубоги бошланади. Терма жамоамизнинг имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Осиё Кубогида терма жамоамизда имкониятлар яхши. Ажойиб футболчилар ва ижрочилар йиғилган. Насиб қилса, яхши иштирок этишади.

артём3

- Нима деб ўйлайсиз, Суперлига сиз кутгандек ўтдими?

- Суперлига йилдан-йилга яхши бўляпти ва интрига ҳам ўсяпти. Шунинг учун яхши ўтди, деб ўйлайман.

- Про лигада ўйнаб кўрдингиз. Унинг даражаси сизга ёқдими ёки...

- Про лига даражасини ҳам яхши деб уйлайман. Чунки яхши жамоалар бор.

артём5_1

- Охирги пайтларда асосан легионерлар тўпурарлар бўлиб келяпти. Ўзимизда савияли ҳужумчилар камайиб кетди, деб ўйлайсизми?

- Тўғри, ўзимизда охирги йилларда ҳужумчиларимиз тўпурар бўла олмаяптилар. Бунинг сабабини билмайман. Лекин ҳужумчиларимиз камайб кетди, дея олмайман. Балки ишонч камроқдир. Чунки 5 йилдан бери кетма-кет Драган Черан тўпурар бўлиб келяпти. 2024 йилда насиб бўлса, ўзимизни ҳужумчиларимиз тўпурар бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!