Финалда Франция кучсиз эмас эди. Сабаби...
Кўпчилик Франция терма жамоасининг финалдаги мағлубиятини муваффақиятсизлик, деб атамоқда. Кўринишидан жамоа фаворит эди, уларда финалда ўйнаш борасида тажриба нисбатан яхшироқдек эди. Аммо аслида...
Биринчидан, французлар мундиалга кутилганидан кўра кўпроқ йўқотиш билан етиб келди. Ҳатто қайдномага киритилган футболчилар ҳам жароҳат олиб, сафдан чиқишни бошлади. Кантеда етарли ўйин амалиёти йўқлиги, Погбанинг жароҳатлар гирдобида қолиб кетаётгани, Нкункунинг даражаси номаълум экани катта муаммо бўлиб кўринмаган бўлиши мумкин. Аммо Дешам шу йигитларга ишонч билдирган ва улар асосида режалар ишлаб чиққан. Бирдан уларнинг таркибдан тушиб қолиши ҳамма нарсани "оёғини осмондан" қилиб юборгани табиий.
Иккинчидан, Аргентина финалга чиқиб, ўз бошидан-да баландроқ ҳаракат қилди. Асосий сабаб - Месси бўлса, кейингиси 2014 йилдаги мағлубият ўрнини қоплаш. Бутун аргентиналиклар бор кучи билан рақибга қарши жанг қилди ва якунда муносиб тарзда мукофотга эга чиқди. Яъни, финалда Франция кучсиз эмасди. Шунчаки, Аргентина жуда яхши ҳаракат қилди. Кучли руҳий босимдан чиқиб кетишни эплай олганининг ўзиёқ "хўрозлар"га ижобий баҳо бериш учун етарли бўла олади.
Қолаверса, Европа жамоаларининг мундиал ғолиби бўлгандан сўнг давом этадиган нохуш анъанаси айнан Франция томонидан йўққа чиқарилди. 2006 йил Италия чемпион бўлган, 4 йилдан сўнг эса мундиал гуруҳ босқичида қолиб кетган. 2010 йил Испания ғолиб бўлди, 2014 йилда плей-оффга чиқа олмади. 2014 йил Германия ғалабаси ва 4 йилдан сўнг яна ўша ҳолат.
Шу каби майда деталларга қарамасдан, "уч ранглилар" Қатардаги мундиал финалига етиб келишни уддалади ва ҳатто, сал қолса чемпион ҳам бўлиб кетарди. Афсуски, "романтиклар мамлакати" озгина эътиборсизлиги туфайли чемпионликдан қуруқ қолди.
Шу тариқа, футбол оламида "ўзга сайёралик" Мессига нисбатан адолат кўрсатилди. Бироқ яна бир "ўзга сайёралик"ка эса...
Шоҳрух Зоиров мақоласи.
Фикрлар