Фозил Мусаев: "Қўлдан келганича ўйнамоқчиман, бундай онларни ҳеч қандай пулга сотиб ололмайсиз"

Маҳоратли футболчи Фозил Мусаев “Нефтчи”ни тарк этгани тўғрисида куни кеча Sports.uz орқали хабар бериб ўтдик. Энди ушбу ўйинчининг ўзи билан боғландик ва суҳбатлашишга кўндирдик.

- Фозилжон, "Нефтчи" клубини тарк этишингиз олдиндан режалаштирилганмиди ёки нимадир сабаб бўлдими?

- Йўқ, олдиндан маълум эмасди. Кетишимга ҳеч нима сабаб бўлгани йўқ. Шунчаки, шартномам тугади. Шунинг учун клуб билан ўзаро дўстона равишда хайрлашдик, бор гап шу.

- Фарғонада ўтказган 1,5 йиллик фаолиятингиз давомида сизга энг эсда қоладигани нима бўлди?

- Эсда қоладигани яхши мураббийлар билан ишладим ва дўстларим билан яна бирга ўйнадим. Ёшликда бир жамоада тўп сурган футболчилар билан яна ўйнаш насиб қилди. Қолаверса, бу ерда яна ажойиб ёшлар билан танишиб ака-ука бўлиб қолдик.

- "Нефтчи" клуби мавсумни 5-ўринда якунлади. Ҳолбуки, медаллардан бирини ютиш имконияти бор эди. Сизнингча, нима етишмади?

- Охирги турда ҳам имкониятимиз бор эди. “Навбаҳор” билан учрашувда 3-ўринни олишни жуда хоҳлагандик. Барча йигитлар бронза медалини қўлга киритиш истагида эди. Аммо кўрдингиз, насиб қилмади.

мусаев_1

- Олдингизда аниқ таклифлар борми? 2024 йили сизни қайси клубда кўрамиз?

- Олдимда ҳали аниқ таклиф йўқ. Мавсум энди тугади, у ёғини кўрамиз. Вақт кўрсатади.

- Ўзбекистон Суперлигасининг даражаси ҳақида фикрингиз қандай? Ўсишни сезяпсизми ёки...

- Ёмон ўтмади, мавсум. Ҳамма жамоалар юқори ўринлар учун курашди. Суперлига йилдан-йилга ўсяпти. Ҳа, ўзига яраша камчиликлар ҳам бор. Кейинги йилдан бундан ҳам қизиқ бўлади, деб ўйлайман.

- "Нефтчи" чемпион "Пахтакор"ни Фарғонада ҳам, Тошкентда ҳам ютди. Аммо "Пахтакор" чемпион бўлди. Бунга қандай изоҳ берган бўлардингиз?

- Бу – футбол. Ҳа, икки марта ютган бўлсак ҳам биз айрим учрашувларда жуда қимматли очколарни йўқотдик. Улар эса йўқ. Бизга қараганда камроқ хато қилди ва ўзига керакли очколарни олиб чемпион бўлди. Ёқимлиси, биз “Пахтакор”ни икки марта мағлуб этдик.

мусаев2

- Футболдан кейин нима иш билан шуғулланиш ҳақида ҳам ўйлаяпсизми ёки ҳали фаолиятингизни юқори даражада давом эттиришга тайёрман, деб ҳисоблайсизми?

- Ишларга келсак, озми-кўпми бизнеслар бор, Худога шукр. Лекин футбол менинг ҳаётим. Футболни севган одам учун бу муҳим. Қўлдан келганича ўйнамоқчиман. Чунки бундай онлар кейин қайтмайди. Ҳеч қандай пулга ҳам сотиб ололмайсиз. Шу боис футбол ўйнаб ундан завқ олмоқчиман.  

- Сизнингча, жорий мавсумда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси ким?

- Суперлигадаги энг яхши футболчи ким? Остон Ўрунов деган бўлардим. Бу адолатли бўлади. Ушбу фикримга энг камида 90 фоиз мухлис қўшилади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!