Фозил Мусаев: "Турон" албатта Суперлигага қайтади"
Тажрибали ярим ҳимоячиларидан бири Фозил Мусаевни яқинда “Металлург” клуби билан шартнома имзолагани ҳақида сайтимиз орқали хабар бергандик.
Биласиз, Мусаев ўтган мавсумни “Турон” жамоасида ўтказди. У ерда Суперлига баҳсларида 20 та учрашувда майдонга тушиб 2 марта гол урди. Кубок доирасида эса 3 та ўйинда “Турон” шарафини ҳимоя қилди. Клуб билан тузган шартномаси тугагани учун эркин агентга айланди ва “Металлург”дан тушган таклифни қабул қилди.
Фозил “Турон” билан дўстона тарзда хайрлашди. У ўзининг инстаграмдаги саҳифасида қуйидагиларни ёзди:
“Турон” раҳбарияти, ўйинчилари ва мухлисларига клубда тўп сурган давримдаги вақт мазмунли ўтгани учун барчаларига миннатдорлик билдириб қоламан. Тўғри, жамоада ўзимиз хоҳлаган натижаларни қайд эта олмадик. Бироқ мана шундай ўйинчилар билан елкама-елка тўп суриш жуда мароқли бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишим жоиз. Шунингдек, клубнинг жонкуяр ишқибозлари бизни ҳар қандай ҳолатда ҳам ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаганлари сира ёдимдан чиқмайди. Шуни ишонч билан айтишим керакки, “Турон” клуби келгуси йили албатта Суперлигага қайтади. Бу йўлда жамоага омад ёр бўлишини тилаб қоламан. Ҳаммага яна бир бор катта раҳмат!”
Фикрлар