ФР: Чераннинг голлари хато ҳисобланган
"Пахтакор" матбуот хизмати Суперлига стартидан аввал жамоа ўйинчиларининг Ўзбекистон чемпионатидаги статистикасини келтирди. Инфографикада "шерлар" етакчиси Драган Черан номига 117та гол ёзилган ("Трансфермаркт" портали ҳам бу маълумотни тасдиқлаяпти).
Аслида эса сербиялик футболчи томонидан чемпионатимизда киритилган тўплар сонини ҳисоблашда кичик хатоликка йўл қўйилган. Аниқроғи, рақиб ҳимоячиси ўз дарвозасига тўғрилаб қўйган автоголлардан бири Драганнинг номига ёзилган. Гап 2020 йилги мавсумнинг 20-тури доирасида Термизда ўтказилган учрашув ҳақида кетяпти. Ўша ўйиннинг 43-дақиқасида Черан томонидан йўлланган ноаниқ зарба "Сурхон" вакили Асрор Ғофуровга рикошет ҳосил қилиб, дарвоза тўрига бориб тушади.
Ёдингизда бўлса, ўша ўйин атрофида қизиқ воқеалар содир бўлган эди. Дастлаб, расмий протоколда гол "Пахтакор" легионери томонидан урилгани қайд этилади. Кейинроқ ЎФА ҳакамлар ва инспекторлар қўмитаси вазиятни автогол сифатида баҳолаган ҳамда учрашув қайдномасига ўзгартириш киритилган эди.
Хуллас, Чераннинг Суперлигадаги голлари ҳозирча 116та бўлиб турибди. Улардан 82таси "Пахтакор", 34таси "Насаф" либосида киритилган. Сербиялик футболчи Ўзбекистон чемпионати тарихидаги энг маҳсулдор легионер ҳисобланади.
Фахриддин Рўзиев
Фикрлар