Футбол шарҳловчиси Аброр Жўрақулов қуръа олдидан ўз тахминларини билдирди

  • 5 декабрь, 15:15
  • Muhammadqodir Ruzmatov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Хабарангиз бор, бугун 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати учун қуръа ташланади.

Tecno

Sports.uz сайти мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг иштирок этиши мавзусида Sport TV журналисти Аброр Жўрақулов билан қисқа интервью уюштирди.

Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидаги рақиблари кимлар бўлади?

"Гуруҳдаги рақиблар орасида мен энг кўп хоҳлаётганим Мексика терма жамоаси. Агар Мексика тушса, очилиш ўйинида қатнашамиз “Ацтека” ўйингоҳида. Шунинг учун улар тушишини хоҳлаяпман. Биринчи саватдаги ҳамма жамоа қийин, фақат Канада ва Мексика бироз енгилроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун Мексика тушса ҳам — очилиш ўйини томонидан ҳам, қулайроқ рақиб билан ўйнаймиз десам, тўғри бўлади. Иккинчи саватчадан Австрия деб ўйлаяпман. Кўпроқ тахминларим шунга тортяпти. Иккинчи саватдан Австрия десак, тўртинчи саватчадан эса Янги Зелландиями ёки Ганами — шу иккисидан бири тушса, менимча биз учун энг қулай гуруҳ шундай шаклланар эди."

Мундиалда қайси босқичгача етиб бора оламиз?

"Мундиалда гуруҳдан чиқа оламиз, деб ўйлайман. Гуруҳдан чиқамиз, ундан кейин уёғини кўрамиз. Гуруҳдан чиқиш  асосий мақсадимиз. Терма жамоамизга ишонамиз. Кейинги босқичдан ҳам ўтиш имкониятимиз бор."

Сизнингча, Жаҳон чемпионатида таркибимиздаги футболчилардан кимлар порлаб, кучли чемпионатларга йўл олиши мумкин?

"Мен кузатиб борадиган асосий футболчи — Аббосбек Файзуллаев. Насиб қилса, жароҳат олмасин, яхши формада етиб борсин. Унинг потенциали жуда зўр. Жаҳон чемпионати Аббос учун энг зўр турнир бўлади ва у кашф этилган футболчилардан бирига айланиши мумкин. Бундан ташқари, Хусниддин Алиқулов учун ҳам бу Жаҳон чемпионати ҳақиқий ўзини кўрсатиши учун ёрқин имконият бўлади. У Европанинг кучли чемпионатларида бемалол ўйнай оладиган ҳимоячи. Фақат уни кўрсатадиган платформа керак. Ушбу мундиал айнан ўша платформа бўлади.

Ёш футболчиларимиз ҳам ўзини кўрсатиб, порлаши мумкин. Ёши катта футболчиларимиз ҳам яхши ўйнаши мумкин, лекин уларнинг кучли чемпионатларга кетиши қийинроқ. Мен Абдуқодир Ҳусановни атайин қўшмаяпман, у шундоқ ҳам топ-клубда. У учун бу алоҳида майдон бўлади. “Манчестер Сити”га ҳам ниманидир исботлаб қўйиши мумкин. ЖЧдан кейин унга бўлган қизиқиш яна ортиши эҳтимоли ҳам юқори.

Шунингдек, ҳимоячи Рустам Ашурматов , Шерзод Насруллаев ва яримҳимоячи Акмал Мозговойга ҳам етарли ўйин вақти берилса, ўзини кўрсатиб ўсиши мумкин. Асосан шу Аббосбек Файзуллаев, Хусниддин Алиқулов ва ёш футболчиларимиздан катта нарсалар кутаяпман."

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!