Футбол уни йўқотдими ёки у футболни?!

Неймар «Бавария»га қарши ўйинни ёмон ўтказмади, бироқ чемпионатда унинг ишлари юришмаяпти. У «Лилль»га қарши баҳсда қизил карточка олди. Жамоаси эса, мағлуб бўлиб турнир жадвалида рақибини ўзидан олдинга ўтказиб юборди. Қаҳрамонимиз трибуна тагидаги жанжал сабабли бир нечта ўйиндан четлатилиши мумкин.

мч345345

Бу хабар билан ҳозир ҳеч кимни ҳайрон қолдириб бўлмайди. Сабаби, бразилиялик ҳужумчи ҳақидаги хабарлар 3 турга бўлинади. «Неймар қизил карточка олди», «Неймар жароҳат олди» ва «Неймар ПСЖни тарк этиши мумкин». Франция матбуотида ҳужумчини аёвсиз «калтаклаш» авж олиб бормоқда. Ҳакамлар ҳам лига юзи саналган футболчини аяб ўтирмайди. Ла Лигада ҳакамлар Месси билан қандай муомала қилишга ўргатилади. А Серияда эса, Роналдунинг ҳурмати баланд. Мухлислар кўз ўнгида Неймар Жуниор йиғлоқи йигитчадек кўриниши мумкин, аммо бунга бошқа факторлар ҳам таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, «Страсбур»га қарши кубок ўйинини олайлик. Ўша баҳсда, Неймар жароҳат олди. Ваҳоланки, тўқнашувга қадар рақиб футболчилари унга 3 бор орқадан зарба йўллаган эди. Ҳакам бу воқеаларга эътибор қаратмагани учун ҳам «Страсбур» аъзолари агрессив футболни давом эттирди. Оқибатда, мақсадларига эришишди.

«Канн»га қарши ўйинда ҳам рақиблар очиқчасига Неймарга қарши майдонда ов уюштирган эди. Оқибатда, кичик жароҳат олган футболчи захирага олинди. Қўшимчасига, «Канн» устози ўйиндан сўнг, бразилиялик футболчининг манзилига жуда хунук гапларни айтишдан ўзини тийиб ўтиргани йўқ.
«Мағлубиятдан сўнг, йиғламоқчи эмасман. Бу ишни Неймарга қолдирдим».

мч1324234

Сиз ҳеч замонда жароҳат олиб ўйинни давом эттира олмаган футболчининг устидан кулган рақиб мураббийини кўрганмисиз? Бу ҳеч қандай қоидага тўғри келмайди. Мураббий унга шогирдлари озор етказганидан хурсанд бўлганини яшириб ҳам ўтиргани йўқ.

«Бавария»га қарши ўйиндан сўнг, Неймар ўзи ҳақидаги танқидларга жавоб бера олди. Тўғри, Мбаппе сингари учрашув қаҳрамонига айланмади, бироқ статусига мос ҳаракат қилди. Аслида, Неймар мураккаб шахс. У ҳақида фикр билдириш учун бироз ўтмишга назар ташлашга тўғри келади.

Сўнгги 13 йилни бемалол Роналду – Месси қарама-қаршилиги, деб аташ мумкин. Мухлислар бу йигитлардан бошқасини сезмай ҳам қолди. Ваҳоланки, Рибери (2013) ва Иньеста (2010) ўз пик формасида улар даражасига кўтарилди, аммо барқарорлик етишмагани учун чўққида узоқ ушланиб қолгани йўқ. Неймар эса, улардан фарқли ўлароқ, бу йиллар ичида 3-куч сифатида ўз позициясини ҳеч кимга бериб қўймади. Агар унинг клуби учун сарфлаётган меҳнатига эътибор қаратсак, у сўнгги 10 йилликнинг энг кам ўрганилган футболчисига айланади. Бу нафақат унинг, балки футбол олами учун ҳам катта йўқотиш. Баландпарвоз сўзлар учун узр, бироқ барчаси рост. Қаҳрамонимизнинг «эркатой»лиги ва жанжалкашлиги боис, унинг қай даражада иқтидорли эканлигини сезмай қолдик.

мча214

Унинг «Барселона»даги статистикасига эътибор қаратинг! 2013/14 йилги мавсумда 45 ўйинда иштирок этди. 30 гол! Бу Неймарнинг Испаниядаги дебют мавсуми эди. Адаптация жараёни тугагач, уни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмай қолди. 2014/15-мавсумда 53 матч ўтказди. Сермаҳсуллик борасида 49 очко ишлади. «Барселона» эса, ўзи иштирок этган барча мусобақада ғолиб чиқди. 2015/16 йилга келиб, Неймар 52 ўйинда гол+ассист борасида 56 очко жамғарди. Кейинги йили 46 ўйин ва 46 очко!

Бу статистика Роналду ва Месси даражасида. Боз устига, бу йиллар орасида Неймар деярли барча катта ўйинларда гол киритишни уддалади. У Испанияда дриблинг устасидан, муҳим фигурага айланди. ПСЖ билан баҳсдаги суперкамбек ёдингиздами? Ўша куни Каталония клуби таркибида Месси ҳам бор, аммо Неймар секин-аста биринчи планга чиқиб бораётган эди. Ҳаммасини унинг Францияга кўчиб ўтишидан сўнг ўзгариб кетди.

«Лига 1»даги биринчи мавсумда қаҳрамонимиз 30 учрашув ўтказди ва 44 балл! Келаси мавсумда ўйинлар сони 28 бўлишига қарамай, гол+пасс тизимида 31 очко ишлаб олишга улгурди. Францияга кўчиб ўтгач, Неймарнинг сермаҳсуллиги пасайди. Бунга биринчи сабаб сифатида, у иштирок этаётган ўйинлар камайиб кетганини кўрсатиш мумкин. У Испанияда клубнинг 90 фоиз учрашувларида майдонда кўриниш берган. Францияда эса, бу кўрсатгич 51,2 фоизни ташкил этади.

Хави «Олтин тўп» олмади, Иброҳимович Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонмади. Неймар эса, шунчаки керакли ҳажмда ўйин ўтказгани йўқ. У 29 га кирди, аммо унинг энг зўр йиллари «Лига 1»да ўтиб кетди. 4 йилдан бери «кучли бешлик»даги энг кучсиз биринчиликда тўп сургани учун эътибор марказимизда эмас. ПСЖ билан қудрат борасида тенглаша оладиган жамоанинг йўқлиги чемпионатнинг томошабоплигини кескин пасайтириб юборади. Катта эҳтимол билан, Бразилия ва Испаниядаги қарама-қаршиликни ҳис қилмаган Неймар ҳам футболдан шу важ сабабли совуб кетгандир?! У секин-асталик билан пик формасидан тушиб келди.

Бу воқеада ягона айбдор бор холос. У ҳам бўлса футболчининг ўзи! У мухлислар эътиборидан четроқдаги Францияни танлади. Улкан маош сабабли «Барселона»дан воз кечди. Пул топиш учун энг осон йўлни танлади десак, адашмаган бўламиз. Агенти сифатида “очкўз” отасини тайинлаган куни Неймар ўз карьерасидаги энг катта хатони амалга оширди. У футбол учун жуда кўп нарса беришга қодир иқтидор эгаси эди, аммо ҳаммасини пулларга алмашиб юборди.

Келинг, уни исми билан бирга тилга олинадиган энг кўп сўзларни ёдга оламиз: Симуляция, жароҳат, тунги базмлар, ичкилик, кўз ёшлар, жанжаллари, қизил карточка, ёмон дўстлар, модель қизлар…
Ваҳоланки, кўз ўнгимизда 21 асрнинг энг таниқли футболчиларидан бири турибди. Унинг исмини қуйидаги сўзлар билан ҳам бирга тилга олиш мумкин: Финтлар, голлар, иқтидор, мўъжиза, ғалабалар, совринлар, буюклик…

мя32525

Икки вариантда ҳам ҳақиқат бор. Ўзингиз учун қулайини танлаб олаверинг. Унда иккисидан ҳам бор. Гап шундаки, «Барселона» ва ПСЖ сафида икки хил томондан футболчида прогресс кузатилди.
Афсуски, олдинда Неймарни атиги 3 ё 4 мавсум кутиб турибди холос. Шу боис, ҳаммаси ҳали олдинда, деган жумлани ишлатиш хато. Қайсидир маънода, Неймарни омадсиз ҳам, деб бўлмайди. Унинг шахсий бойлиги шу қадар кўп-ки, ҳатто айрим Европа клубларини бемалол сотиб олишга етади, лекин бундан футбол мухлисларига қандай наф? Улар Неймарнинг тўп билан рақс тушишини соғинган. Роналду ва Месси 34-36 ёшда ўз чемпионатида барчадан кўп гол киритаётган пайтда, Неймар мавсумнинг ярмини ўтказиб юбормоқда.

Йўқотилган йилларни фақат бир йўл билан ўз ўрнига қайтариш мумкин. Бунинг учун ЖЧ ёки ЕЧЛ олтин медаллари зарур. Акс холда, келажак авлод уни ўз иқтидорини шайхларнинг пуллари учун қурбон қилган йигит сифатида эслаб қолади. Улкан ғалабалар қозониш учун ҳеч қачон кеч эмас, аммо вақт тобора оз қолмоқда.

Фаолияти давомида Роналду ва Мессининг даражасига кўтарилмади, бироқ ўз иқтидорини 100 фоиз амалга ошира олмаган футболчилар бобида у ҳаммадан ўзиб кетди.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар