Футбол юлдузларининг «хархаша»лари

Гризман ва Неймарнинг «Барселона» учун ўз клубларини тарк этиши бўйича можаролар хали охирига етай деб турган бир пайтда, «Арсенал»да янги тушунмовчиликлар келиб чиқди. Лоран Косьелни мавсум олди турнеда қатнашишдан бош тортди, ҳамда ўз клубидан чиқиб кетиш ниятидалигини айтди. Футболчиларнинг бундай хатти-ҳаракати уларнинг ёшлиги, агентларининг босими ва мўмай даромад истаги билан изоҳланиши мумкин, аммо 31 ёшли жамоа сардоридан бундай янгиликнинг янграши барчани лол қолдирди десак, муболаға бўлмайди.

Усмон Дембеле

Усмон 2016/2017 йилги мавсумда Бундеслигада «Боруссия»даги энг яхши футболчи деб тан олинганидан сўнг, омма эътиборини қозонди. Ёз фаслидаёқ «Барселона» Дембелега жиддий қизиқиш билдирди, Неймарнинг ПСЖ га кетиши эса каталонияликларнинг ёш истеъдод соҳибини қўлга киритиш истагини ошириб юборди.

Боруссияликлар раҳбарияти эса аксинча, ўзидаги қимматбаҳо «актив»ни ушлаб қолишга уринди. Усмон эса раҳбариятга ультиматум қўйди. Натижада «Барса» 105 миллион евро эвазига ўз мақсадига эришди, Дембеле эса ўз орзусидаги жамоа аъзосига айланди. Бироқ бу трансфер ўйинчи обрўсига зарар келтирди.

Неймар

Юз йилликнинг энг қиммат, бошқача айтганда «муҳташам» трансферига ҳеч ким ишонмас эди. «Барселона» раҳбарияти ўйинчининг жамоада қолишига 200% га ишонишар эди. Жерар Пике эса Неймар жамоани тарк этишидан бир неча кун аввал «se queda» (у қолади) ёзувли расмни ижтимоий тармоқда эълон қилганди. Бироқ мазкур трансфер амалга ошди, Пикенинг сурати эса мемларга айланди.

Трансферлар тарихида ҳеч ким ҳеч қачон Неймар учун тўланган миқдордаги маблағга яқинроқ пулни бирор футболчи учун тўламаган. Молиявий фейр-плей қоидасини бузмаслик учун бироз ғирромлик ишлатилган, албатта. ПСЖ Неймарнинг вакилларига уларнинг ўзлари шартномани жамоадан сотиб олишлари учун 222 миллион евро беришган. Натижада бу ҳийлакор, аммо мукаммал режа амалга ошган. Рекорд ўрнатган келишув трансферлар бозорини портлатиб юборди, бироқ 2 йил ўтгач Неймарнинг ҳафсаласи пир бўлди, энди эса у яна «қизил-кўклар» сафига қайтиш ниятида эканлигини билдирди.

Дмитри Пайет

Трансферлар оламидаги энг ноодатий трансфер ҳолати «Вест Хем»да кузатилган. Евро-2016 да чиройли ўйин намойиш эта олган Пайет, трансферлар бозорида энг талаб юқори вингерга айланди. Аммо, таклифларнинг кўплигига қарамай, француз «болғачилар» билан шартнома имзолаб, 1 миллион евро миқдорда бонусга ҳам эга бўлди.

Пайет 2016/2017 йилги мавсумини омадли бошлаганига қарамай, «Марсел» га ўтиш нияти борлигини барчага маълум қилди. Унинг ўз ватанига қайтишга мажбурлаётган «куч»ни ҳеч ким тушунмай қолганди (албатта бу трансфер сабабчиси бўлган рафиқасидан ташқари), бироқ бир неча ойлик жанжаллар, жарима ва машғулотлардан четлатилишдан сўнг, Пайет ўз айтганини ўтқиза олди. Шу сабабли унинг обрўсига путур етканлиги ҳеч кимга сир эмас. Вингер Францияда ёрқин ўйинлар олиб борсада, бу билан энди ҳеч кимнинг иши бўлмай қолди. Ҳатто 2016 йилги Евродаги жамоа етакчисига айлана олган Пайет Россиядаги Жаҳон чемпионатига олиб ҳам кетилмади.

Тибо Куртуа

Ажойиб трансфер ортидан унданда ғаройиб ҳодисалар келиб чиқди. Бельгияликнинг ўз уйига қайтиш нияти борлиги анчадан бери маълум бўлсада, «Челси» раҳбарияти бу хоҳишга кўз юмаётгандай эди. Футболчи трансферлар ойнаси ёпилишидан бир неча кун аввал жамоага шарт қўйгач, клуб унинг ўз нархидан 2 баробар кам миқдорда бошқа жамоага бериб юборди.

Бироқ «аристократлар» ёш Кепа Аррисабалагага 80 миллион евро (трансфер нархидан 4 баробар қиммат) тўлади. Натижада клуб кўп пул йўқотди, обрў-эътиборига путур етди, Тибо ўз мақсадига етган бўлсада, «Реал» да ўша мавсумни қўлдан бой берди. Лекин ҳозирги мавсумда у Зидан учун 1-рақамли ўйинчи эканлиги яққол билиниб турибди.

Вильям Галлас

Мазкур воқеа ўйинчи каби ноодатийдир. Франциялик футболчига «Челси»га янги мураббий этиб тайинланган Жозе Моуриньонинг муомаласи хуш келмади чоғи. Сабаби, ҳимоячи агар майдонга тушса, ўз дарвозасига гол уришга ваъда берди.

Клуб раҳбарияти Вильямга жарима солган бўлсада, ўша мавсум давомида у жамоани тарк этмади. 2006 йилдаги Жаҳон чемпионатидан сўнг, Галлас «кўк»лар билан мавсум олди турнега кетишдан бош тортди ва «Арсенал» билан шартнома имзолади.

Манба: Sports.ru

Сандра Алиссон таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!