"Футболчи бугун ололмаган пулини барибир эртага олади" ёхуд "Қўқон-1912" аъзоси жамоасининг муваффақиятсиз иштирокини қандай баҳолади?
“Қўқон-1912” биринчи даврани 12-ўринда якунлади. Шу боис бу жамоа мухлислари кутган натижани ҳозирча кўрсата олмаяпти. Кўп учрашувларда очколарни бой берди.
Агар биринчи давранинг сўнгги турида “Динамо”ни мағлуб этганида турнир жадвалида бироз юқорига кўтарилиб олиш имконияти пайдо бўларди. Аммо бундай бўлиб чиқмади. Қўқонликлар охирги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқариб юборишди.
34 ёшли футболчи Жамшид Ҳасановнинг голи “Қўқон-1912”га ғалаба келтираётган бир пайтда жамоа уни сақлаб қола олмади. Ҳасанов эса ўша ўйин ҳақида фикр билдирди.
- “Динамо” билан ўйинимиз олти очколик эканини ҳамма биларди. Учрашувда ҳисобни очганимиздан кейин самарқандликларга ўйинни бериб қўйдик, чоғи. Кетма-кет иккинчи учрашувдирки, охирги дақиқада гол ўтказиб ғалабани қўлдан чиқаряпмиз. Ўтган турда “Бунёдкор” билан баҳсда ҳам шундай бўлганди. Биринчи даврада бир қанча ўйинларда очколарни йўқотдик. Лекин қўлни пастга туширмоқчи эмасмиз. Иккинчи даврада вазиятни ўнглашга ҳаракат қиламиз. Қандай бўлмасин жамоамизнинг мавқеини тиклашимиз керак.
“Қўқон-1912” клуби 12-турда сафарда “Бунёдкор” билан беллашувда ҳам 0:1 ҳисобида ғалаба қозонаётиб охирги дақиқада гол ўтказиб юбориб, ғалабани қўлдан чиқарганди. Бу руҳият билан боғлиқми? Жамшид вазиятга қуйидагича муносабат билдирди.
- Охирги иккита учрашувда охирги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқараётганимиз руҳий томондан боғлиқ эмас. Балки кимдир маблағ муаммоси бор, ойлик маошлар вақтида берилмаяпти, деб айтиши мумкин. Бироқ футболда бу барибир ўйинчининг иши. Нима бўлишидан қатъий назар футболчи тайёрланиб, майдонга чиқиб ўйнаб бериши керак. Бугун ололмаган пулини барибир эртага олади. Буни биз баҳона қила олмаймиз. Қўлимиздан келганича майдонга чиқиб ўйнадик. Омад ҳам биздан юз ўгиряпти деб ўйлайман. Фақат гол ўтказиб юборяпмиз. Ҳолбуки, бизда ички муҳит ҳам яхши.
Хуллас, қўқонликлар биринчи даврани кўнгилдагидек ўтказа олишмади. Ҳозирги ўрин бу жамоага ярашмайди. Ҳасановдан клубнинг иштирокини балли тизимда неча баҳога лойиқ кўриши ҳақида сўраганимизда шундай деди:
- Биринчи даврада жамоамиз иштирокини 3 баҳога лойиқ деб айтардим. Бу яхши эмас. Чунки 13 та учрашувда 12 очко жамғариш менимча клуб тарихида ҳали бундай бўлмаган бўлса керак. Жамоамиз ва таркиб бўйича бошқалардан устунлигимиз бўлса борки, асло кам жойимиз йўқ. Салгина омадимиз чопмади.
Яна бир гап: “Қўқон-1912”да гол уриш бўйича самарадорлик ҳам ижобий эмас. 13 та ўйинда 8 та гол урди. Бир учрашувда энг кўпи билан иккита гол ура олди холос.
- Биргина “Локомотив”га қарши учрашувда иккита гол урдик. Қолган ўйинларда биттадан кўп гол ура олмадик. Бу ёмон. Агар ҳар бир баҳсда биттадан гол уриб, дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолсак бу бошқа гап. Аммо битта гол уриб иккита тўп ўтказиш, ёки иккита уриб учта ўтказиш барибир мағлубият дегани. Бу яхши ҳолат эмас. Охиригача курашамиз ва жамоани юқори ўринларга олиб чиқишга ҳаракат қиламиз, - дейди Ҳасанов.
Биринчи даврадан кейин ҳар кимнинг режаси бўлиши табиий. Тез орада ёзги селекция ҳам очилади. Хўш, Жамшид иккинчи давра учун қандай йўл тутмоқчи?
- Биз ҳали раҳбариятдан ҳеч ким билан гаплашмадик. Жамоа охирги ўринларга тушиб қолган бўлса, энди жамоани юқорига олиб чиқмоқчимиз, - дея қисқача жавоб берди футболчи.
Фикрлар